Хўш, ўзи очиқ фазога чиқиб, унинг Аллоҳ сайқал берган ҳусн-у тароватидан илҳомланиб, шеърлар ёзворган космонавтлар ҳам борми? Албатта, бор! Ўшалардан иккитаси ҳақида қисқа ёзаман.
Альфред Ворден (Аль Ворден), 1932 йили АҚШ Мичиган штатида туғилиб, 2020 йили Техасда вафот этган. У 1971 йили “Аполлон 15” фазо кемасида Ойга юриш миссиясида қатнашган, ҳозиргача Ойга кўтарилган саноқли астронавтларнинг бири. Альфред Ворден таассуротларини назмий йўл билан баён этган биринчи фазогир бўлса ажабмас.
У “Ассалом, Она Ер: “Индевор” фазо кемасидан саломлар” номли шеърий тўпламини ҳам чиқарган. Бу тўплам ҳозиргача “Аполлон 15” космонавти тартиб берган ягона шеърий китоб бўлиб қолмоқда.
Ҳавога шўнғиш
Атрофга термулиб сокин ва сассиз
Ҳавога шўнғийман, ҳар ён – ташқари
Хавфсизлик занжирин узайтирарлар,
Сузаман, сузаман, кетаман нари
Менга жўр бўларкан майин парвозда
Булутли нимжон Ер сузар басма-бас
“Индевор” кемаси – бори дунёим
Оловли қуёшда чўмилар лоҳас
Кузатув нуқтаси топилмас сира
Бир ёқда тушаркан ойдин тузоққа
Мунаввар Замин ва Ой ўртасида
Яқинман, лек кетган каби узоққа.