Шоир Жаҳонгир Мирзо ёзади…

АСЛИ КАБИ КЎРИНГАН ШОИР
Шеър—аслида гўзалликдан, ҳайратдан яралган туйғулар мевасидир.
Туйғулар, ҳайратлар қанча гўзал, рост, самимий бўлса, унинг меваси бўлмиш шеърнинг ҳам ўқувчига таъсири кучли бўлади.
Мавлоно Румийнинг: “Ҳар не бўлсанг бўл, ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл!” пурмаъно ҳикматлари Аъзам Обидов шахси ва ижодига мос чизгидир.
Инсон аввало олим бўладими, шоир бўладим, ким бўлишидан қатъий назар, одам бўлмоғи лозим.
Моҳир таржимон, ҳақиқатгўй шоир, Аъзам Обидов ижодини шахсидан айри тасаввур қилиб бўлмайди.
Яқинда Аъзам Обидовнинг инглиз ва ўзбек тилларида чоп этилган “My name is Uzbekistan” мўъжаз шеърий китобларини ўқиб тугатдим. А.Обидов ўз овозига, ўз сўзига, озод руҳга эга уйғоқ қалб шоир, адолатли инсон.
Шеърларидаги баланд овоз ҳамиша ҳақиқатни қўрқмай куйлайди.
Аъзам Обидовнинг шеърларини ўқиш жараёнида қолипларга тушиб, қандайдир қафаслар ичида қамалиб қолган руҳим, эрк, озодлик исини туйиб, эркин ижодкор, озод шахс эканлигимни янаям чуқур хис қилдим.
Агарда асл ижодкор, ҳақиқий бутун одамни излаётган бўлсангиз Аъзам Обидов ижодини ўқинг!