“XXI АСР ТАППИСИ”

Абдужаббор ИСОМИДДИН

XXI АСР ТАППИСИ

(кир қидирилмасин!)

Бугун таппи масаласи қишлоқларимизда энг муҳим восита сифатида кун тартибининг муҳим қисмига айланди. Бугун қишлоқларда таппи (гўнг) учун тортишувлар, таппи талашиб содир этилган жанжаллар кўпаймоқда ва кўп ҳолларда бу жанжаллар судгача етиб бормоқда. Айрим пайтларда бу низоларга ҳуқуқий баҳо беришга қилни қирққа бўлаклаб ташлайдиган ҳакамларимиз ҳам ожиз қолмоқдалар.

Нима бўляпти, дейсизми?

Тушунтираман. Қишлоқларнинг тўқсон фоизида газ йўқ. Ўтин-кўмир жуда қиммат. Агар ўтин-кўмир сотиб олсанг, озиқ-овқатга пул қолмайди. Шунда нима қилинади? Мол тапписига бир нималар қўшиб, қайта ишлаб қўлда ийлаб, юмалоқлаб, офтобда қуритиб, маҳаллий «ёқилғи» тайёрлаб олинади. Уни печкада ёқсангиз хона исийди, аммо уй ичи сал-пал… ҳмм, нима десам экан… таппининг сассиқ ҳидига тўлади. Ҳечқиси йўқ, қишлоқ одамлари чидайверадилар, ўрганиб кетишган. Энди таппи (гўнг) жанжалига келсак, ҳаммага ҳам таппи керак-да. Ҳамма ҳам кўпроқ таппига эга бўлгиси келади. Аммо, таппи кам. Моли борлар моли битта гўнг ташласа, ўша заҳотиёқ қайта ишлаб олмоқдалар. Моли йўқлар эса моли кўплардан гўнгни олдиндан пулини тўлаб, сотиб олмоқдалар.

Юқорида таппи талашишлар оқибатидаги жанжаллар судларгача етиб бораётганини айтгандим. Судларга ашёвий далил сифатида таппи олиб борилаверганидан, мусодара қилинган таппилар келтирилаверганидан, суд биноларидан гўнг ҳиди анқий бошлади. Бу ҳолатдан кўнгиллари беҳузур бўлган нозиктаъб адолат пешволари гўнг-таппини, яъни далилий ашёни суд биносига олиб кирилишини тақиқладилар. Бундан буён унинг суратини тақдим этиш жорий қилинди.

Агар таппи масаласи шу долзарблигини йўқотмаса, эҳтимол қонунларимизга таппи билан боғлиқ моддалар киритилишини ҳаётнинг ўзи тақозо қилиб қолар-а, нима дедингиз?..