Қизил чизиқлар

Қизил чизиқлар
(ҳақида ғамгин қўшиқ)

О, қирмизи чизиқ,
Ичакдай узун,
Бойқориндай семиз,
жонга хавфсолар.
Бир ёғингда – ялтир,
чалдевор тузум,
Нарги ёнингда-чи –
ўлик ҳафсала!

Ул тараф қулоқлар
том битмиш, тамом,
Қип-қизил шиорлар
тўртта томонда:
«Бизга тил текизма!”,
“Бир чақа – авом!»
«Мендан бошқа зўр йўқ
икки жаҳонда!»

Кўргум, ул чизиқнинг
кўпдур ардоғи,
Юртни не асрки
бузар нафс, алам?
Шукур, ҳозирча бор
нафас олмоғ-у
Тик туриб ўлмоққа
озроқ ҳафсалам!

О, қирмизи чизиқ,
Ичакдай узун,
Бойқориндай семиз,
жонга хавфсолар.
Бир ёғингда – ялтир,
чалдевор тузум,
Иккинчи тарафда —
ўлик ҳафсала!