Медалфурушлар ва яна бошқа фирибгарлар

Диққат! Эҳтиёт бўлинг: медалфурушлар ва яна бошқа фирибгарлар!

Ўзбек тилидаги баъзи каналлар ижод аҳли, устоз ва олимлар учун сохта танловлар эълон қилиб, маълум тўлов эвазига аллақандай шубҳали сайтларда мақола чиқариб, диплом, медаль, статуэтка тақдим этяпти. Акция доирасида эса тўлов миқдорини камайтириб, чегирма ҳам беряпти, ўша каналларга кириб, ўзим ҳам кўрдим! ????

“Америка ё Ҳиндистон журнали” деб шубҳали онлайн платформага илиб қўяётган мақолалари эса негадир фақат ўзбек тилида ва фақат ўзбек олимлариники ???? Огоҳ бўлинг! Мукофот, медаль олиш илинжида ҳар кимга лаққа тушаверманг! Илмий мақолаларингизни ҳам жиддий журналларга юборинг, ПУЛГА ЭМАС!

Билишингиз керак бўлган асосий қоида шуки, одатда ДИПЛОМ, МЕДАЛЬ, МУКОФОТ ОЛИШ УЧУН ПУЛ ТЎЛАНМАЙДИ, АКСИНЧА, ШАФФОФ ТАНЛОВДА ҒОЛИБ БЎЛСАНГИЗ, СИЗГА ПУЛ БЕРИШЛАРИ Ё ДИПЛОМ ВА БОШҚА СОВҒАЛАРИНИ ТЕКИНГА ТАҚДИМ ЭТИШЛАРИ ЛОЗИМ.

Яна бир муҳим маълумот: Чет элда “submission fee” (асар жўнатиш учун тўлов) деган тушунча борлигини аввал ёзганман: Жуда кўп нашр(иёт)лар асарингизни ўқиб, нашрга лойиқлигини баҳолаши учун озроқ пул сўрайди, буни кўпчилик хорижлик ижодкорлар тўғри тушунади, чунки уларда журналлар, нашриётлар ҳаммаси мустақил ва бюджетдан пул олмайди, яъни кун кўриш, ходимларини ишда ушлаб туриш учун шунақа тўловлар жорий этади (тахминан 5-10 доллар атрофида). Аммо бундай тўлов жорий этган нашрлар асарингизни босишга қабул қилса, албатта сизга гонорар тўлайди!

Яна чет элдаги жуда кўп адабий мукофотлар ҳам озроқ “submission fee” сўрайди. Арзимас пул тўлаб, катта мукофот олишга кўзингиз етса, уларда қатнашсангиз бўлади, йўқса, пул сўраётганлардан ҳозирча йироқроқ юрганингиз маъқул! Мен сизларга бу каналда улашаётганим танловларнинг ҳаммаси бепул, бемалол линкларни босиб, асарингизни юбораверинг!

Аъзам Обид