Раҳимжон Раҳмат бошқа бир миллатни биздан илмлироқ, илғорроқ, ҳалолроқ дегани, илм олишга чорлагани учун ёмон кўришаётган экан.
Мен ҳам чет элларда ўзим билган, кўрган яхшироқ, фойдалироқ нарсаларни миллатимизга улашиб, бўлишиб юрибман, ёмон кўраётгандирсиз? Умуман, илмли бўлиш дегани нима?
Менимча, энг аввало бағрикенг бўлиш дегани. Қобиқдан чиқолмайдиганлар нима қилса бағрикенг бўла олади? Аввало, ҳар нарсани борича қабул қилиш фойдали. Одамларни муҳокама қилиш, айблашдан осони йўқ. Ўзим-чи, деб савол берайлик. Бўлмагур лойиҳалар, халқ пулини беҳуда совураётганларни танқид қиларканмиз, тўғри ечимлар, жўяли таклифларни ҳам бера олсаккина бизни тушунишлари мумкин.
Камина ҳадеб ёзувчилар уюшмаси, маънавиятчилар, ёшлар агентлиги, АОКА, мужмал адабий лойиҳалар ва ҳоказоларни танқид қилибгина қолмай, мана бундай муҳимроқ ишларни ҳам қилинглар, дея таклифлар ва амалий ишларни ҳам кўрсатганим учун ҳам жуда ёмон кўришмаса керак деган ўйдаман. Яхши кўришмаслиги эса аниқ. Ё ўзгаришади, ё чидашади-да.