Йонас Маристо, финляндиялик таржимон, олим, Ҳельсинкида туғилган, университет илоҳиёт факультетида дарс беради. Араб, форс-тожик адабиётига қизиқади. Ҳофиз ва Румий ғазалларини фин тилига таржима қилган. Финляндия ПЕН-клубида ишлаган. Кеча Йонас билан адабиёт, китоб чиқариш мавзусида суҳбатлашдик. Агар Ҳельсинкида шеър китобингиз босилиб, 50 таси сотилса, дўппини осмонга отсангиз бўларкан. Технология ривожи, сунъий интеллект туфайли уларда ҳам ўқувчилар билими, мустақил фикрлаши сусайиб бормоқда экан. Бизда унинг ватанига хос таълим тизими жорий қилинаётганини айтсам, ҳайрон бўлди. Йонас Финляндияда президент, бош вазир ва бошқалар оддий халқ қатори дўконлардан савдо қилиши, жамоат транспортидан фойдаланишини тасдиқлади. Финляндияда “истон” мамлакатлари олиму шоирларини, жумладан Навоийни яхши билишмас экан. Таржимон дўстимдан Навоий асарлари билан ҳам танишиш ва таржима қилишини сўрадим. Ҳозир Йонас ислом фиқҳи ҳақида китоб ёзмоқда. Унга “Қуш тили” ва шеърий китобчамни совға қилдим.