Навоий Лайли ва Мажнун” асари инглиз тилида

Бугун мен Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” асари инглиз тилидаги таржимаси нашр этилганини мамнуният билан эълон қиламан. Асар “Kindle” электрон нашри ва қоғоз китоб шаклида тақдим этилган. Ушбу таржима достоннинг қайта ҳикоя қилинган насрий баёни асосида амалга оширилди. Аввалроқ мен “Фарҳод ва Ширин”ни, шунингдек, Навоийнинг ғазаллари ва уларга ёзилган шарҳларни таржима қилгандим. Ушбу таржималар билан Навоий асарларини инглиз тилига энг кўп таржима қилган муаллифга айланган бўлсам ажабмас. Аслида бундай таржималарни инглиз тили она тили бўлган дўстларимиз қилишса, зўр бўларди, лекин начора!

Ўзбекистонда Навоий меросини улуғлаш ва тарғиб этиш бўйича муҳим ташаббуслар мавжуд бўлса-да, у ҳануз инглиззабон дунёда етарлича танилмаган. Кўплаб хорижий нашриётлар, адабий фестиваль ташкилотчилари, таълим муассасалари ва маданий соҳада қарор қабул қилувчилар Навоий ижодининг аҳамиятидан тўлиқ хабардор эмас. Унинг меросини жаҳон миқёсида тарғиб этиш — узоқ муддатли ва тизимли вазифа бўлиб, уни яккам-дуккам ҳаракат билан ҳал этиб бўлмайди.

Бундай иш одатда Ўзбекистондаги йиллик халқаро адабиёт ва шеърият фестиваллари, ЮНЕСКО адабиёт шаҳри, чет эллик ёзувчи ва таржимонлар учун резиденция дастурлари, шунингдек, хорижда Навоий институтлари орқали қўллаб-қувватланади. Афсуски, бу каби тузилмалар ҳозирча Ўзбекистонда мавжуд эмас. Шунга қарамасдан, мен бу ишни қатъият билан давом эттираман ва Навоий меросининг жаҳон адабиётида мустаҳкам ўрин эгаллашини истаган ҳамфикр инсонлар, бизнес ва ҳомийларни даврага чорлайман.