Азамат: “Ё тўхтанг, ё Ҳиндистонга кетинг!”

Ёзувчи дўстим Азамат Қоржовов ёзяпти: “Тўғри, ёзувчи деган инсон ўз ҳисобидан китоб чиқаришини эшитсам ҳайрон қоламан. Озроқ пул жамғаргандим, шу пулимга қанча китоб чиқаршим мумкин деб мендан кўп сўрашади. Китобга меҳри борлигидан қувонаман, шу билан бирга ўз пулига китоб чиқаришни тушунмайман. Аъзам ака айтганидек, зудлик билан тўхтатинг! Сизга нима зарил нашриёт эшикларида сарғайиб, аллақандай бефойда йиғилишларда қатнашиб, ҳеч кимга кераксиз тақдимотлар ўтказиб, қандайдир уюшма ва партияларга аъзо бўлиб…

Буларнинг ҳаммаси ёлғон эканини ҳаммамиз билиб турибмиз-ку. Унвон, аъзолик, моддий рағбатлар, ўлганидан кейин ҳайкал шаклидаги санам ўрнатиш, бир умр “халқ ёзувчиси” деган унвон олиш ҳасратида яшаш… Америка ёки Европа адабиёти олдида жуда кучсиз эканликларини тан олишлари лозим. Бизга бегона Америка ва Европа тугул, бизга қардош ва диндош бўлган халқлар адабиётида юзага келган мусулмон бадиий адабиёти (МБА) йўналиши ҳам ривожланмаётгани ачинарли.

Ўтган йили бир ношир МБА йўналишидаги ёшлар севгиси ҳақида асар топиб беринг, деди. Бир-иккиталардан “мусулмон ёшлари севгиси ҳақидаги асар борми?” деб сўрасам, бор деб, менга совет адабиёти услубидаги севги-муҳаббат қиссаларини беряпти. Гўёки севги ота-онадан ҳам, имондан ҳам, Яратгандан ҳам устун илоҳий туйғу эмиш. Бу совет мафкураси эмасми? Шу ғоя сингдирилган қисса ислом бадиий адабиёти йўналиши бўла оладими? Қани йигит ва қизнинг мусулмончилиги, қани уларнинг ибодатда ва имонда эканию ўртадаги севги сабаб кучли ва зиддиятли жараёнга тушиб қолиши? Қани ота-онага қарши чиқмаган ҳолда, мусулмон бўлган ҳолда ёр васли учун кураш йўллари… Бусиз ундай асарлар Туркияда қандай чоп этиладию шарқона экспорт адабиёти сифатида турк, араб, афғон ёзувчилари асарлари сафида қандай қилиб Европа китоб дўконларидан жой олади?.. Шундан кейин ҳам юксалишнинг йўли партия, уюшма, унвон, давлат туҳфа қилган уй деб ўйласалар, ўзлари билишади. Мен ҳеч нарса демадим. Раҳмим келганидан ёздим.

Уларга айтадиган сўзим: сиз нотўғри замонда туғилиб қолдингиз, мустақил Ўзбекистонда эмас, СССР даврида туғилганингизда, бу уюшма ва бу партия билан жуда катта ютуқларга эришардингиз. Аммо ҳозир на социализм, на капитализм. Аъзам ака айтганидек, ё тўхтанг, ё Ҳиндистонга кетинг.”

(Сурат ёзувчининг Фейсбук саҳифасидан олинди)