Эски

Эрининг туфлисини артаркан, яна бутун эски бозорни кўтариб келдингизми, деди. Шундоқ. Жуда эскимас, бинойидай, янгига ўхшаш, балки янгидир. Нима қипти? Янгибозордаги хитойча ё туркча алламбало модалардан кўра сипогина, аммо пишиққина, камида ўн йилга чидайди, камида олти-етти баравар арзон ҳам. Мазза қилиб кияди. Мабодо эски бўлса, олдин ким кийганининг фарқи борми? Энг бахтлидир, энг бахтсиздир, энг, энгдир аввалги эгаси. Совет замонида чиққанми, ўша даврда кийилганми, яқин ғарб ё узоқ шарқ маҳсулотими, нимаси қизиқ энди? Оёққа кийиладиган бўлса, энгилга илинадиган бўлса булар, яна тоза табиий материалдан, ички кийим эмас ахир. Болалари эмас, ҳали кўп йиллар насиб этса фақат ўзи кияди. Болалар кичик, уларга янги кийдирмаса ҳеч бўлмайди. Янги эса фалон пул, уни олиш учун ўзи эскисига чидаши лозим. Аслида, бу дунёда ҳамма нарса эски эмасми, нима янги? Ўн саккиз минг оламнинг ўзиям эски-ку, дея фалсафа тўқиб юриши табиий.       

© Кичик ҳикоялар туркумидан – 2015