Чет элда китоб чиқарайми?

#Савол-жавоб

Бир ёш дўстимиз сўраяпти: “Инглизча шеърий китобимни чет эл нашриётларида чоп эттирмоқчиман. Нашриётларни биласизми, тахминан нархи қанча?

Жавоб:

Бу усулни “селф-паблишинг” ёки “вэнити паблишинг” дейилади ва нормал ижодкорлар одатда бу йўлни танламайди.

Лекин чет элда ўз пулингизга китоб чиқариб берувчи кичик нашриётлар, албатта, бор.

Фақат бу йўлга киришдан аввал ўзингизга савол беринг: бу иш мен учун нега керак? Етарли пулим борми (масалан, бошланишига, арзимас нусха учун 500 доллар); шу пулни чет эл нашриётига юбориш учун бирор банкда валюта ҳисобим-чи?

Бор ҳам дейлик, китобингизни пулга чиқариб ҳам беришсин. Хўш, энди нима қиласиз?

“Мана, кўриб қўйинглар қандоқ машҳурлигимни, китобим фалон ерда чиқди!” деб пост қўясизми? Шу билан ҳаволаниб, ўзингизни қўярга жой тополмай, мағрурланасизми? Яна нима?

Қўйинг, ундай қилмай туринг. Шу пул ошиқча бўлса, ҳозирча беҳуда сарфламанг, яна озроқ йиғинг, мен сизни Европа ё илғорроқ мамлакат, ё ақалли Ҳиндистондаги бирор адабиёт фестивали ё китоб ярмаркасига, ё резиденцияга тавсия этай: боринг, кўринг, ўрганинг, ўқувчи ва адиблар, ношир ва танқидчилар қаршисида асарингиздан ўқинг. Ана ундан кейин, сизни ёқтириб қолишсин, китобингизни ўзлари чиқаришсин, ҳатто яхшигина қалам ҳақи ҳам беришсин!

Қолаверса, ҳозирги дунёда шеър ўқувчиси жуда камайиб кетган, асосан шоирлар бир-бирини ўқишяпти, қайсидир шоирнинг китоби талашиб сотиб олинаётганини кўрганим йўқ. Агар чет элга боришни танласангиз, шу ерда, ўзимизда шеърларингизни 5-10 нусха қўлбола чоп эттириб олсангиз етади: ёзганларингни ўқийлик деган хорижлик дўстлар ва ўқувчиларга совға қиласиз.

Хўш, сизга қайси бири маъқул? Сохта шон-шуҳрат йўлими ва ё қийинроқ, аммо тўғри ва фойда келтирувчи ижод йўлими?

Аъзам Обид

Дўстларга ҳам илининг:

https://t.me/mittikoprik