(Йил якунлари ўрнида)
2025 – баракали, муваффақиятли ижод йили бўлди, бунга эса ижодкорлар учун хориж журналларида чиқиш, резиденция ва фестивалларда қатнашиш, чет эл адиблари билан учрашиш имкониятларини мунтазам улашиб борганим асосий сабаб бўлди, деб ўйлайман. Мени йил давомида қўллаган дўстларим, жумладан шу канал кузатувчилари учун ҳам 2025 даги фаолиятимиз илиқ хотиралар билан ёдда қолди. Ё ундай эмасми?

Йил бошида Мисрда Қоҳира халқаро китоб ярмаркасига сафар қилиб, мушоира ва ижодий учрашувларда қатнашдим. Апрель ойида кўп йилдан буён ўтказаётганим, Ўзбекистондаги ягона халқаро ёзувчи ва рассом резиденцияси дастури доирасида ўн беш нафар хорижлик ижодкорга ярим ой юртимизда мезбонлик қилиб, 1000 дан ортиқ ўқувчи, талаба, ёш ва тажрибали шоир-ёзувчи ва таржимонни қамраб олдик. Мамлакатнинг олти вилоятида ўтказилган учрашувлар ҳар бир иштирокчига қувонч, қизиқиш ва илҳом бахш этди.

Агар чинакам ватанпарвар, доимий ҳомий топилса, бу халқаро резиденция дастурини давом эттиришим мумкин. Кимё халқаро университети қисман ёрдам бермоқчи, аммо у етарли ва биз кўзлаган мақсадга мувофиқ эмас. Яна бир университет расмий хатимга жавоб бермай, шунчаки унутди.

Адабиёт, ижод сал ўссин дея бундай ишларга масъул вазирлик, қўмита, ҳокимият ва ташкилотларга ёзган хатларим ва қўнғироқларимга жавоб бўлмади (Ғаллаорол ҳокимияти ёрдам беролмаймиз деганидан ташқари). Ўзбекистонда маданият ва санъатни қўллаш жамғармаси, Наманган, Фарғона, Самарқанд ҳокимиятлари, яна қанча давлат идоралари халқаро адабиёт фестивали, резиденция дастури, адибларимизни таржима қилиш ва хорижга олиб чиқиш, бирор шаҳримизни ЮНЕСКО адабиёт шаҳрига айлантириш ҳақидаги жиддий таклифларимга қайрилиб ҳам қарамади. Рухсат олиш керак-ку! Яна, бутун дунёдан юзга яқин адабиёт фестиваллари директорлари, PEN клублари аъзолари, шоир, ёзувчи ва таржимонлар Ўзбекистонда UzLAB каби халқаро ижодий дастурлар, фестивалларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳақида президентга ёзган хатига кўз юмиб қўяқолишди. Ўзларидан кўришсин!

Бу йил олтита китоб таржима қилдим — бештаси нашр этилди. Саккизта мамлакатга бордим, дўстларим давраси кенгайди, халқаро алоқаларим янада мустаҳкамланди. Яна мени Турон академиясига аъзо қилмоқчи, айтарли ҳисса қўшмаганим бир давлатнинг “халқаро мукофоти”ни (диплом ва статуэтка) бермоқчи, маълум миқдордаги пул эвазига ўзбекча антологияга киритмоқчи бўлишди – ҳаммасини рад этдим. Бундай ишлар менга эмас!
2026 йилга назар ташлар эканман, халқаро муносабатларимни янада кенгайтириш, янги китоб ва таржималарни нашр этиш, қитъалар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ва ўзбек ижодкорлари учун халқаро эшикларни кенгроқ очишни умид қиламан. Янги йилга ғайрат ва илҳом билан кириб боряпман. Бу йил ёнимда турган, илиқ сўзи билан илҳомлантирган барча дўстлардан миннатдорман! Аллоҳ ҳамиша юзимизни ёруғ, сохтакор ва “пахтакор”лардан йироқ қилсин!
Бу айтган ишларимнинг ҳаммаси мана бу http://azamabidov.uz/ ва мана бу ерда: https://t.me/mittikoprik
Ҳаммага омад!
Аъзам Обид

