Тан олиниш учун садоқат ва мақтов керакми?

Ёш қаламкаш дўстларим,

Кўпчилигингиз тобора “тан олиниш ва мукофотланиш учун бадиий изланиш ва ички эркинлик эмас, балки садоқат ва мақтов керак экан” деган хулосага келиб қоляпсиз, тўғрими?

Шу тариқа адабиёт эркин ижод майдонидан чиқиб, хушомад муҳитига айланиб бораётганига ҳам тез-тез гувоҳ бўляпсиз.

Орангизда Зулфия ёки бошқа маҳаллий адабий танловларда қатнашганлар бор. Мукофот ололмаган пайтингизда қандай ҳиссиётларни бошдан кечиргансиз?

Агар сиз ҳақиқатан ҳам шоир ёки ёзувчи бўлишни истасангиз, илтимос, тўхтанг ва атрофга қаранг.

Ҳақиқий ижодкор учун имкониятлар анча кенг. Энг муҳими — ҳақиқатни айтиш, виждон билан ёзиш ва ҳеч кимдан, айниқса ҳукуматдан мукофот кутмаслик! Чунки ҳақиқий адабиёт хушомаддан эмас, балки эркин фикр ва ҳақиқатни айтиш жасоратидан туғилади.

Ҳозир бу гапларим сизга ҳали тўлиқ етиб бормаслиги мумкин, аммо йиллар ўтиб бу ҳақиқат эканига амин бўласиз.