Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича жиддий амалий таклифлар
Халқимизни китоб ўқишга қизиқтиришнинг жуда кўп йўллари бор, лекин биз ҳамон йўл тополмай, тентираб юрганимизни кўряпман.
50 дан ортиқ мамлакатни кезиб, катта халқаро ижодий тажриба орттирган инсон сифатида шуни айта оламанки, китобхонлик муҳитини ривожлантириш учун қуйидаги энг муҳим йўналишларни тўғри амалга оширилса, самарали натижалар беради:
– китоб дўконлари, кутубхоналар, ўқув даргоҳлари, уй-музейлари ва ишхоналарда китоб муаллифлари билан мунтазам учрашувлар
– доимий ўтказиладиган маҳаллий, миллий ва халқаро китоб ярмаркалари; уларда ноширлар қаторида ёзувчи, шоир, муаллиф, олимларнинг фаол иштироки, турли қизиқарли мавзудаги сессиялар, китоб тақдимоти, имзо қўйиш тадбирлари
– мамлакат бўйлаб мунтазам ўтказиладиган адабиёт форумлари ва фестиваллари
– йиллик халқаро адабиёт ва шеърият фестиваллари
– чорак миллий ва йиллик халқаро таржимонлар форумлари
– мунтазам ташкиллаштириладиган халқаро ёзувчи, шоир ва таржимонлар резиденциялари
– бирор шаҳримизни ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритилишига эришиш.
Бизда эса буларнинг кўпи ҳалиям йўлга қўйилмаган, хўжакўрсинга борлари эса асло тизимли эмас, стратегия йўқ. Китобхонликни нуқул китоб ўқиган кишига катта мукофот ваъда қилиш билан ривожлантиришга уриниш ўта примитив ва самарасиз ҳаракатдир.
Булар фақат қуруқ таклиф эмас, камина юқорида эслатганим ҳар бир соҳа бўйича амалий ишларни амалга оширганман. Ташаббусларимга қўшилганлар бунга гувоҳ бўлишган; билмаганларни сайтимга кириб, ҳамма ишларим билан танишишга таклиф этаман. Илова қилаётганим суратлар ҳам бу ҳақда сўзлайди.
Расмийларга саволларим ва илтимосим:
Нима қилишни билганларга миллий платформа ярата оласизми? Бизни эшитишдан ва тўғри йўлни кўрсатишимиздан чўчимайсизми? Биз шаффофлик, очиқ мулоқот, масъулиятли бўлишни талаб қилишимиз ва ноқулай саволлар беришимизга тайёрмисиз? Шу саволларга очиқ жавоб бермагунингизча ҳақиқатда халқнинг вакили бўла олмайсиз. Илтимос, халқни тўғри йўлга бошланг ва унинг ҳақини ҳалол адо этинг!
Китобхон ва ижодкорларга саволларим:
Хўш, сиз яшаётган вилоятга юқоридаги ташаббусларнинг қайси бирини жадал олиб киришимни истардингиз? Орангизда ҳамкорликка тайёр ватанпарварлар борми? Шундай ишларга масъул кишилар билан мени боғлай оласизми?
Мени топиш осон!

