Янги китоб кафеси ва кучли китобхонлар клуби

Янги китоб кафеси ва кучли китобхонлар клубини кашф этдим: “Минор” метросига жуда яқин жойда.

У ерда олим ва ажойиб китобхон Ҳаёт Сайдалиев “The Innovator’s Dilemma” китоби ҳақида содда, тушунарли тилда қизиқ мисоллар билан гапириб берди. Айниқса, дилемма тушунчасини Мусо алайҳиссалом ва фиръавн ўртасидаги мулоқот орқали изоҳлаб бергани менга жуда таъсир қилди – гўёки фиръавн тўғри қарор остонасида туриб, ички иккиланиш ва қаршиликлар билан курашганидек. Янги йўл доим қўрқинчли бўлади, эскиси эса қулай: фиръавн ҳақиқатни билса-да, ҳокимиятдан айрилишдан қўрқиб, эскисини танлади ва ютқазди…

Шуни англадикки, бугун бизга турли мавзулардаги китобларни шундай чуқур ва равшан шарҳлаб бера оладиган мутахассислар етишмаяпти. Фикр ва ташаббуслар эркин айланадиган, кенгроқ аудиторияни қамраб оладиган каттароқ платформаларга ҳам эҳтиёж катта.

Клубда яхши ноширлар билан ҳам танишдим. Айни пайтда айнан хусусий нашриётлар саъй-ҳаракатлари туфайли дўконлар китобларга тўлиб бормоқда.

Ўзи энг яхши, энг фойдали ишлар ва лойиҳалар ҳар доим мустақил, эркин фикрлайдиган инсонлар томонидан амалга оширилган.

Миллат бахтига шундай инсонлар кўп бўлсин!