Жуда кичик ҳудудга эга бўлса-да, дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бири ҳисобланади. Қисқа вақт ичида оддий порт шаҳридан глобал молиявий ва технологик марказга айланган.
Бу давлат коррупцияга қарши курашда дунёда энг кучли тизимлардан бирига эга. Порахўрлик нималигини ҳеч ким билмайди 😁 Шунинг учун у доимий равишда энг тоза, ҳалол ва ишончли бошқарувга эга мамлакатлар қаторида тилга олинади.
Тўртта расмий тил — инглиз, малай, мандарин ва тамил — кундалик ҳаётда кенг қўлланилади.
Топинг-чи, Малайзиядан қаерга учяпман?

Сингапурдан салом ва дуоларим!
Ҳар бир янги манзилнинг ўз кайфияти ва руҳи бўлади. Бу шаҳар мени илиқ тропик ҳавоси, яшилликка бурканган кўчалари ва эрталабки осойишта муҳити билан қарши олди. Мана бу хўроз эса қичқириб, ҳаммага яхши кайфият улашмоқда. Олдинда янги кашфиётлар, таассуротлар ва бетакрор ҳикоялар! Етказганига шукур!
Танишинг: Ли Ю Мун!

Бугун Сингапурда санъат, маданият ва тараққиёт ҳақида чуқур билимга эга шу инсон билан учрашиш насиб қилди. У мени шаҳар бўйлаб айлантириб, Сингапур тарихи, ривожланиш йўли ва ижтимоий-маданий ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.
Биз Сингапур спорт ва истироҳат клубида бирга овқатландик, соҳил бўйлаб сайр қилдик, ижро санъати марказига ташриф буюрдик.
Яна мамлакатларимизнинг бошқарув тизимлари, тараққиётнинг турли йўллари ҳақида фикр алмашдик. Мунга кўра, сингапурликлар боғчадан, мактабдан бошлаб ўз Ватанига қандай ҳисса қўшмоқчи эканини аниқ белгилаб олади.
Шу билан бирга, одамлар ўз фикр ва ташаббусларини эркин баён қила оладиган, эшитиладиган муҳитни шакллантириш ҳам тараққиётнинг муҳим шартларидан бири экан бу ерда.
Сингапурнинг бугунги манзараларидан сиз ҳам баҳра олинг! Тушдан кейин майин ёмғир ёғди. Маҳаллий халқдан савол сўрасангиз, тўлиқ, мукаммал жавоб беради, эринмай йўл кўрсатиб қўяди.
Йўллар равон, кўчалар озода, ҳаммаёқ дарахт ва гулларга кўмилган, ҳатто бекатларнинг устигача яшил ўсимлик экилган, метроси жуда қулай, тиқилинч, ур-сур деган нарса йўқ. Йирик супермаркетлар бевосита метро бекатлари, парковкалар, овқатланиш жойларига уланади.0
Сингапур миллий галереясида бир нечта кўргазмани томоша қилдим. Айниқса, “Ҳеч қандай қудрат олдида асло қўрқувга тушма” номли халқаро кўргазмадан таъсирландим.

Галерея посбони ўта хушмуомала киши экан: маданият маркази яқин атрофдами, деб сўрагандим, ёмғир шивалаб турганига қарамай, 50 қадамча эринмай мен билан юриб, яшил дарахтлар ортидаги бинони кўрсатиб қўйди.
Яна бу галереяда “сукунат хонаси”да майин мусиқа тинглаб, хаёлга чўмиб, тўғри нафас олиш ва чиқаришни машқ қилдим.
Танишинг: Салим Ҳади
Бугун Сингапурда кинорежиссёр, театр арбоби, ёзувчи ва медиа соҳаси мутахассиси Салим Ҳади билан ҳам учрашдим. Суҳбатимиз давомида Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида адабиёт, театр ва кино соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида фикр алмашдик. Мамлакатлар тараққиётида инсон капитали, фуқароларнинг ўз юрти равнақи учун масъулиятни ҳис қилиши ва жамиятда овози эшитилиши учун шароит яратиш муҳимлиги ҳақида ҳам гаплашдик.

Қувонарлиси, Салим Ҳади Ўзбекистон билан ўз тажрибасини бўлишиш ва ижодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини излашга қизиқиш билдирмоқда. Умид қиламанки, бу танишув келгусидаги яхши лойиҳалар ва мустаҳкам маданий кўприкка асос бўлади. https://blacspicemedia.com/
Танишинг: Жефф Фуаҳ!
Касби матбаачи бўлса-да, унинг фаолияти ва ҳаётга қараши анча кенг ва таъсирли. Жефф нафақат меҳнаткаш ва билимли, балки бошқалар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишни муҳим вазифа деб биладиган инсон.
У Вьетнамда моддий ва ижтимоий қийинчиликларга дуч келган болаларни қўллаб-қувватлаш дастурларида иштирок этиб, уларга таълим олиш, муносиб оилавий муҳитда улғайиш ва ўз иқтидорини рўёбга чиқариш имкониятини яратишга ҳисса қўшмоқда. У менга ўзи қўллаб турган вьетнамлик бир қиз ҳақида ҳикоя қилиб берди: бугун у қиз етук шифокор сифатида фаолият юритмоқда. Бу эса меҳр ва эътибор инсон тақдирини қандай ўзгартириши мумкинлигининг ёрқин намунасидир.

Шиори “Яхши муомала ва яхшилик қил” бўлган бундай инсонлар билан учрашувдан чексиз илҳомланаман. Жефф ва унинг кўнгилли дўстлари амалга ошираётган ишлар бизга яхшилик қилиш учун катта имконият ёки катта маблағ шарт эмаслигини эслатади. Бир инсоннинг тақдирига бефарқ бўлмаслик баъзан бутун бир келажакни ўзгартириши бор гап.
Уч йиллик юкдан халос бўлдим!
Уч йил аввал Сингапур Президенти бўлган Ҳалима Ёқуб хоним турмуш ўртоғи Муҳаммад Абдуллоҳ Алҳабши билан Ўзбекистонга ташриф буюрганида, расмийлар Биринчи Жанобга совға қилиш учун каминадан ҳазрат Навоийнинг инглизчага ўгирилган асарини сўрашган, аммо менда беришга бирорта ортиқча нусха йўқ эди.
Ўшанда мен ўзимга ваъда берган эдим: қачондир Сингапурга келиб, Навоийнинг инглиз тилига таржима қилганим китобини бу оилага совға қиламан!
Бугун шу ваъда амалга ошди!
Инглизчага ўгирганим “Фарҳод ва Ширин” китобини ҳозирда Ҳалима Ёқуб канцлери бўлган Сингапур ижтимоий фанлар университети ходимларига топширдим. Улар китобни бу камтарин оилага етказишга ваъда беришди.

Қалбимда ниҳоятда катта енгиллик ҳис қилдим. Мен учун бу оддий китоб совға қилиш эмас, балки буюк ўзбек шоири Навоий меросини дунёга танитиш йўлидаги кичик, аммо самимий қадам ва ўз вақтида берилган сўзга вафо қилишнинг ифодасидир, десам кимдир хафа бўладими?
***
Сингапурда катта йўл ёқасидаги бир боғда ўтирибман. Рўпарамда эса қизиқ бир манзара: кўп қаватли биноларнинг пештоқлари ва балконларида дарахтлар, буталар ва турли гуллар ўсиб турибди. Бир қарашда гўё табиат билан меъморчилик ўзаро келишиб олгандек.
Бизда шаҳарлар ўсган сари яшил ҳудудлар қисқариб бормоқда. Аммо бу ерда бошқача ёндашувни кўриш мумкин: агар дарахтларни ерда экиш учун жой камайса, нега уларни биноларнинг ўзида ўстирмаслик керак? Бетон ва ойнадан иборат оддий иншоот эмас, яшиллик билан нафас олаётган тирик маконни тасаввур қилинг!

Замонавийлик ва табиат бир-бирига қарши тушунчалар эмас. Балки Ўзбекистонда ҳам жорий қилармиз буни?
Дўстим Жефф мени шаҳарнинг энг муҳим тарихий масканларидан бири — Малай мероси марказига олиб борди. Бу бино XIX асрда Сингапурнинг сўнгги малай султонларидан бири бўлган Султон Ҳусайн Шоҳнинг саройи ўрнида ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг малай маданияти ва тарихини ўзида мужассам этган муҳим маскан ҳисобланади.
Сингапурнинг замонавий мегаполисга айланишидан олдинги тарихи ва унинг кўп миллатли жамият сифатида шаклланиш жараёни ҳақидаги тасаввурим кенгайди.
Шу атрофдаги “Султон масжиди”да намоз ўқиб, Сингапурдаги сафарим давомида учраётган яхши инсонлар, самимий суҳбатлар ва ҳаётимга қўшилаётган янги тажрибалар учун Аллоҳ таолога шукроналар айтдим.
Китобим Сингапурда босилмоқда!

Дўстим Жефф мен учун жуда ёқимли совға тайёрлаб қўйган экан. У инглизча «The Neighborhood That Learned to Smile» митти ҳикоялар тўпламимни Амазондан буюртма қилиб, учрашувимизга олиб келибди. Муаллиф учун ўз асарини бошқа мамлакатдаги ўқувчи қўлида кўриш ҳар доим алоҳида ҳиссиёт бағишлайди.
Жеффнинг касби матбаачилик билан боғлиқ бўлгани учун суҳбат жараёнида китобимни тез орада Сингапурда чоп этиш режаси борлигини айтиб, мени беҳад хурсанд қилди.
Ҳар қандай китобнинг ҳаёти унинг янги ўқувчиларга етиб бориши билан давом этишини ҳисобга олсак, бу режа амалга ошса, китобчанинг Сингапурдаги нашри мен учун нафақат шахсий ютуқ, балки Ўзбекистон ҳақидаги ҳикоялар ва қадриятларни янада кенгроқ аудиторияга етказиш имконияти ҳам бўлади!
Янги лойиҳалар амалга ошадиган гўзал орзуларга уланаверсин!
Танишинг: шоир Нил Дасвани!

Асли келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган Нил қарийб қирқ йилдан буён Сингапурда яшаб келмоқда. Бир муддат Яқин Шарқ мамлакатлари ва АҚШда ҳам яшаган шоир бугун менга ўзининг икки шеърий тўпламини совға қилди.
Сентябрда Нил Дасвани турмуш ўртоғи ва бир гуруҳ сингапурлик дўстлари билан Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштирмоқда.
Шу муносабат кичик эълон:
Обуначиларим орасида Тошкентда ўзи ишлаётган мактаб ё университетда Нил билан адабий учрашув ташкил этишни истаганлар менга хабар қилишса, бу сингапурлик шоир ижоди билан яқиндан танишиш ва халқаро адабий мулоқот учун яхши имконият яратиб беришим мумкин.
***
Амазон орқали буюртма қилинган, Японияда чоп этилган китобларимни Сингапурда қўлга олиш насиб этди!

Ўқувчилик йилларимда бирор шеърим ёки хабарим газетада босилса, хурсандчиликдан бошим айланиб юрарди.
Минг-минг шукурки, ёзганларим энди чет элларда чиқяпти, турли мамлакатларда қўлимга етмоқда. Аллоҳнинг мулкини кезиш, кўриш, ўрганишдан эса ортиқ неъмат, завқ ва бахт йўқдир мен учун, эҳтимол.
Пакетдан китобларни чиқарар эканман, ҳар бири ортидаги меҳнат, изланиш, умид, қувонч ва хотиралар кўз ўнгимдан ўтди. Айниқса, Навоий меросини дунёга танитиш йўлида ўзимда топганим куч, илҳом, машаққат, ички қўллов…
Рости, давлат ва жамиятнинг бу борадаги лоқайдлиги, бепарволигига эса кулиб қўяман холос. Ҳамиша олға дейман ўзимга! Шукур, шукур дейман.

Ким истаса, мени топиш осон.
Бугун Сингапурда истамбуллик турк тили муаллими Эмраҳ билан танишдим.
У самимий ва дунё кезишга жуда қизиқадиган саёҳатчи экан. Эмраҳ онлайн тарзда чет элликларга турк тилини ўргатади, ўзи ҳам бошқа туркий тиллар ва рус тилини ўрганяпти.
Ўтган йил сентябрь ойидан буён саёҳатда экан. Ўзбекистонга ҳам борибди; бугун Малайзияга йўл олмоқда.

У шуни эслатди: замонавий дунёда инсон фақат бир жойда муқим ишлаб қолиши шарт эмас. Онлайн ишлашни давом эттирган ҳолда даромад қилиб, шу билан бирга дунёни кезиб, ҳаётдан завқ олиш мумкин.
Танишинг: Азим Исмоил!
Сингапурда яшовчи, АҚШда туғилган ямайка-америкалик шоир. У ўзини шеър, саҳна нутқи ва мусиқа орқали ифодалайди.

Оиласи насроний муҳитида вояга етган бўлса-да, Азим 20 ёшларида дўстлари таъсирида исломни қабул қилган.
Бирга жума намозини ўқидик. Тушлик пайти у Сингапурнинг биринчи бош вазири Ли Куан Ю давридаги умумий руҳни эслатди: 60–70-йилларда мамлакатнинг диққати асосан амалий тараққиёт ва иқтисодий ўсишга қаратилган, санъат ва шеърият эса кўпроқ кейинга сурилган соҳалардан бири бўлган.
Азим ёзган ҳайку:
Наво бошланур
Чизгум энг кескир қилич
Рақсга кел, эй дўст
***
Сингапур Чанги аэропортида паспорт текшируви учун атиги 8 сония кетди! Ҳаммаси автоматлаштирилган!
Рюкзагимни текшириб ҳам кўришмади!
Сингапур, илиқ кутиб олганинг учун раҳмат. Бу ерда ўтган қисқа вақтимда анча тажриба орттирдим. Мамлакатдаги тартиб, замонавий руҳ ва халқнинг самимий табассуми хотирамда узоқ сақланиб қолади, дўстларимга айтадиган ҳикояларга кўчади.
Яхши қол, дер эканман, ўзим билан кўп нарса олиб кетяпман: янгича қарашлар, илҳом ва янада каттароқ орзулар.
Омон бўл, Сингапур! Янада ёрқин, янада баланд мақсадлар сари илдамла! ИншаАллоҳ, яна учрашамиз! Ҳали яна илиқ бағрингга қайтаман! Мени сингапурлик дўстларга таништирган австралиялик дўстим Крис Муни Сингҳ кўп яшасин! У билан, насиб этса, келаси йил Панжобдаги уйида кўришамиз!

