Жонингиз соғ бўлсин, қалбингиз тоза,
Армон елкангиздан босмасин сира,
Меҳрингиздан олсин ҳар ким андоза,
Шодлик онларингиз азиз хотира.
Илмингиз дарёдек тошсин зиёда,
Дилбандларингизнинг кўринг камолин.
Вафо боғларини кезинг дунёда,
Айро эссин сиздан фироқ шамоли.
Гоҳо эсга олинг ўтмиш онларни,
Аниқ, мушкул кунлар кўрди бошингиз.
Ваҳимали тунлар, ҳаяжонларни
Ҳар дам енгиб чиқди зўр бардошингиз!
Ассалом, шодлиги, қувончи бир ён,
Ранжу аламлари бир ён, эй, ҳаёт!
Гулларнинг ифори таралган ошён,
Армонли қалбларга бўлгувчи нажот.
Ботди тиконлари гоҳи-гоҳида,
Азоб денгизига ташлади ёлғиз.
Хавотирга кўмиш иштиёқида
Турфа савдоларга чулғади ҳолсиз.
Тирикликка айтиб дилдан шукрона,
Иймонни бус-бутун сақлангиз мудом.
Лолагун фарзандлар бўлиб парвона
Ажиб умрингиздан қолдирсин зўр ном.
Йўлингиз ҳар доим тўлсин зиёга,
Муҳаббатли диллар бўлмасин ярим!
Аъзамжон қўлини очар дуога:
Ниятлар амалга ошсин, дўстларим!