Муҳаббат саҳнида кимдир узун соч,
Кимдир майин мўйлов, қуюқ қош танлар,
Рости, эзгуликка очиб кенг қулоч,
Энг севувчан бўлар қирқдан ошганлар!
Ҳар оппоқ тонг учун мўл шукрлари,
Лаблар табассумга очилар илдам,
Битта ширин сўздан кетар нурланиб,
Зарра ёмонликдан хафақон дилдан.
Қай соҳани олма, бағирлари кенг,
Минг битта озорга елка тутарлар.
Таъна тошларини отиб, ҳар не денг,
Майин табассум-ла афу этарлар!
Жужуқларин ерга, кўкка ишонмас,
Ким билсин, балки бу умр ўртаси.
Лек бор кўргуликка очиқ нишонмас,
Атроф-жавонибнинг асл эркаси!
Йиғлаб, надомат-ла эслар гуноҳин,
Дуолар қилади ўқиркан Ёсин:
“Қирққа кирмаганлар кирсин илоҳим,
Қирққа киролган то юзгача ошсин!”