Сизни кўп қўрқитдим,
мазлума хоним,
қушдай питирлайди қалб қанотлари,
дилними қийнаган севги гумони
ва аллакимларнинг илтифотлари?
Қочасиз,
Тилингиз қилар сотқинлик,
тутқун гўзаллардай топмайсиз қўним,
Бизни дўст дейишга сўзингиз йўқ, лек
Мудом ортимиздан илжаяр ғаним.
Менга нима керак?! –
Битта илиқ сўз,
Келинг-кетинг, дебон куюнган, интиқ,
Олдидаги бахтни кўргувчи бир кўз,
Меҳримиз бегона қилмаган дўндиқ!
Менга бир ким керак:
Ишқ фасли қучиб,
Бағримга нур мисол киролган одам,
Ортимда бир умр туриб бергучим,
Битта ўлигимга тутгувчи мотам!
Мендан қўрқимангиз,
мазлума хоним,
Эркин ёйиб ташланг дил қанотини,
Кимсага бермангиз, менсиз тўлғонинг,
Ҳеч, денг бу дунёнинг илтифотини!