Ҳар кун,
Юрагимда инжа интиқлик,
Бўйнимга осилар соғинч қўллари,
Ҳорғин боғчаларда унар тиниқлик,
Кутиб сарғаяди умрим йўллари.
Кўзимга инади баҳорий анвор,
Бағримни тўлдирар ойдин тазарру.
Бунчалар лазиздир олами асрор,
Ҳаёт қандоқ азиз, умр – табаррук!
Ҳар кун,
Бир илиқлик туғилар дилда,
Самони қучмоқчи бўлар имконим,
Келишинг муқаррар эканин билгач
Минг йил кутмоққа ҳам розиман, жоним!