Меники эмассан, юрагим…

Юрагим,
Меники эмассан бошқа,
Энди бегонадир тўлишган ақлим,
Бугун тинч, не тушар эртага бошга,
Мен ҳам яшашгами сиз каби ҳақли?

Меҳрим,
Кўзларимни очдинг уммондай,
Чўкканинг манзилда таъна, маломат,
Дунё не кўрдики мендай ёмондан,
Кутганим бўлсинми комил ҳаловат?

Сабрим,
Сизиб киргил тафаккуримга,
Жонимни қақшатган ҳислар чекинса!
Кошки ўзим топган рангсиз нуримга
Чап бериб, бир зумга дилдан ўкинсам!..

Оҳим,
Рутубатни қўмсаган хаёл,
Икки дунёсини тутар ҳасратим,
Айтинг, ҳали бор-ку топишга завол,
Қалбхўр шайтонлардан асранг, ҳазратим!

Умрим, ҳаққинг йўқ ҳеч сўнишга шамдай,
Суя, ўз қадрингни кўтар, иродам!
Оҳ, қандоқ бахтлидир ёруғ оламда
Айтиб йиғламоққа дўсти бор одам!