Шоир ва маданият тарғиботчиси Франциско Де Асис Фернандез 1945 йилда Никарагуада туғилган. “Шеърият, муҳаббат ва ўлим”, “Ҳаёт дарахти”, “Санъаткор ўйлари”, “Тинмай оқиб турар қон” каби ўнга яқин китобларнинг муаллифи. Асарлари бир неча тилларга таржима қилинган. Франциско кўплаб халқаро адабий ташкилотларнинг аъзоси ва шеърият байрамларининг фахрий иштирокчисидир. Айни пайтда у Марказий Америкада жойлашган Никарагуанинг Гранада шаҳрида йирик шеърият анжуманини бошқаради.
ШОИР ИЛА КЎЗГУ
Бир инсон бор мудом кўзгумда яшар,
менга боққан ондан олгувчи баҳра,
истаркан гўёки ўз ёши учун
инжиқ ва беҳаё хаёлим асрар.
Аввалроқ ҳаммаси ўзгача эди,
уни ўзгартирди вақт деганлари,
энди у раддия берар ҳар нега,
ёшлик, гўзаллиги чекинди нари.
Гўёки изғирин у яшар жойда
ёмғир ҳам бошлаган унда бемалол.
Кўзгудаги одам сирли ва ўйчан
сўзимни қайтарар гунг садо мисол.
Афсус унинг шавқи дўнмиш ажинга
ёлғизлик ва мунгдан теккандай қарғиш
териси бужмайиб кетибди, э воҳ,
оёқлар қийшайган, кўз – чуқур гардиш.
Танбеҳнамо нигоҳ этади таъқиб,
шодлигу ёлғонга шерикмас асло.
Вужудини чирмаб оларкан хаёл
эшитмас созимдан чиққанда садо.
Кундан кунга ўхшаб борар отамга
унда ғамга ботган отам чеҳраси.
Иш ва кунларимдан қониқмайди ул,
истар кўпроқ бўлса садоқат саси
уйимда ва ёрқин орзуларимда.
Акслардан иборат ўз дунёсини
солиштириб кўрар меники билан:
Ўлчови йўқ дунём, на қувонч, на ғам,
на ҳақ ва на ёлғон, на наср, на шеър,
тошлоқ ва тиканзор аро адашган
буғу боласига кўп ўхшайсан дер.
Қўлин тароқ қилиб сочин тараркан
Ўхшашлигимизнинг илдизин тортиб
Ўзи чекингани ёлғиз узлатнинг
Завқини дафъатан бузмоқчи бўлган
Дунёвий қиёфам истамас ортиқ!
МАСТ ДЕНГИЗЧИ
Менинг исмим ўзгартувчи
қўшиқлар ва ифорлар,
Ошиёним шаҳар,
синовлару турмуш икир-чикирлари бор.
Улар мени бўронда маст бўлган
денгизчига айлантиради,
Кеманинг бурун томони ва қилич ўртасида
Денгиз наҳангларга тўладир
Одиссей татиб кўрар гўзал сув париларин
Ҳеч бир қувлик қилмай ва ўқимай шеър.
Кўчатхона ила яллалар. Аёллар атири ҳамда чечаклар.
Само очиларкан бўлинар денгиз.
Ҳиссиёт ва хаёлотнинг шиддати билан
Исқиртлик, аниқлик, ҳушёрлик ҳамда
тонгда уйғонишнинг бадбўй насрини
ортга сурган ҳолда
кимдир шеъриятнинг оғзидан
туфлар оловга.
КОМИЛ ЖИНОЯТ
Жиноятга мойил,
Ортга тисарилиб, ўтмиш қўмсаган,
Бўлиб ё бўлмаган,
Чидаган бошига келса аза, тўй,
Суйгани неки бор унута олган –
Шу бир юрагимга қўлларингни қўй.
Қоқилишларим ва хатоларимни
Бир муддат сақлар-у унутар дилим.
Кемирилган қалбим
Ҳаётга йўлатмай ўлим шивирин
Суйганим кечанинг шарофати-ла
Очади сирин.
Бир оламда чалгум мусиқа,
Бирида ҳеч тополмам қўним.
Атиргулим – дайди тутқуним.
Таслим бўлиш учун кўтараман мушт.
Унутилган минглаб ороллар
Ўлимимни этар ифода,
Ҳатто ғолибликнинг илҳоми
Юз ўгириб кетса ҳам асло
Синдиролмас энди иродам.
Юрагимга ишонай қандоқ
Унутолса турмуш ранжини,
Ёшликдаги мусиқий овоз
Ва шеърларнинг тиниқ авжини?
Ашъор бериб ҳисоблашганим
Умрим ўтган қутлуғ асрни
Қандай қилиб унутолар у?
Франтсиско де Асис асли
Маънодор бир қуш эди озод,
Гоҳо юрса ғамгинлик ичра,
Гоҳ юргувчи бахтиёр ва шод.
Унутмоқ – бу комил жиноят,
Лек қулатар умр деворин,
Ҳам яширин қушсиз қолдирар
Сеҳргарнинг ажиб диёрин.
Унутмоқ – бу аянчли тордир,
Ширингина уйқумни бузган.
Унутмоқ – бу комил жиноят,
Ўзлигимни севгидан узган.
Лек қолгайдир ундан ўчмас из,
Одамкушни чўктирмоқ-чун тиз.
Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржима қилди