Почтамга бирин-кетин адабий таржима билан боғлиқ иккита хат келди: биттаси кексайиб қолган номаълум ва умидвор шоирдан, иккинчиси ёши улуғ, нафақадор таржимондан. Шоиримиз аввал ҳам кўп марта каминага мактуб ёзиб, гўёки унга жавоб ёзмаганим учун қаттиқ хафа бўлади, катта ҳарфлар билан “ЖАВОБ ЁЗИШГА ИМКОНИНГИЗ ЙЎҚ ЭКАН, ҲАР ЕРДА ЧИҚИБ, ҚУРУҚ ВАЪДАЛАРНИ БЕРМАНГ. СИЗ БУЮК АДИБЛАРИМИЗНИ БЕМАЗА ТАРЖИМА ҚИЛИБ, ОБРЎСИНИ ТУШИРИШДАН ТИЙИЛИНГ, ЯХШИСИ”, дея самимий маслаҳат беради, барака топсин. Илова қилинган шеърларга бир кўз ташлайман, яхшигина шеърлари бордай, аммо ўзи ёши фалон жойга бориб қолгани, журналист эканини ёзган, эътиборсизлик туфайли бир оз аламзада бўлган шоиримизга асарларини таржима қилдиришдан мурод нелигини англаш қийин. Аслида, бу кишидан илгари биронта хат келганини эслолмадим, балки ёзганлари “СПАМ” папкага тушган бўлса, ўчиб кетгандир. Ҳар не бўлганда ҳам, бундай ғалати умидворликдан озроқ ғаш бўлди юрагим.
Таржимон, 80 га яқинлашиб қолган Дина Султанова Самарқанддан мактуб ёзибди. Илгари қайсидир тадбирда кўришган эканмиз. Таржималари, китобларидан намуналар юборибди. Жуда кўп йил давомида Чет тиллар институтида дарс берган опамиз машҳур инглиззабон ижодкорларнинг шеърларини ўзбек тилига, Навоий ғазаллари, мухтасар ўзбек шеърияти антологиясини инглиз тилида тайёрлаб, ўз ҳисобидан чоп эттирган экан. Яхши-ку! Фақат, Дина муаллима ҳам эътиборсизликдан нолиди… Албатта, таржима сифатини баҳолаш даражасида эмасман, лекин шу тил она тили бўлган, юртимизда яшаб, дарс ўтиб юрган мутахассисларни тайёр таржималарни кўриб беришга жалб қилишни аллақачон йўлга қўйса бўларди.
Камина таржима санъати борасида чиройли гаплар тузишни билмайман, бу ишни ҳам, бадиий ижодни ҳам “йўл-йўлакай” давом эттиришга имконим бор холос, деб кўп бора айтганман. Таржималаримнинг қанчалик яхши ё ёмон чиққанини ҳам кенг ўқувчилар ҳукмига ҳавола этаман. Аммо таржима орқали кун кўраётган кишилар бор, таржимачилик сирларини ўрганаётган иқтидорли талабалар бор, у билан жиддий машғул бўлиб, таржимонларни бошини қовуштириш, ўзбек адабиётини тарғиб қилиш, халқаро алоқаларни йўлга қўйишга масъул ташкилотимиз бор. Нодавлат ташкилот саналган Ёзувчилар уюшмасидагилар каминани яхши билади, аммо халқаро муносабатлар, ёзувчилар алмашинуви, таржимачиликни ривожлантиришга оид қатор таклифимларимни илиқ кутиб олса ҳам, амалий ишга ҳеч очилган эмас, чунки у ерда бу борада ишни илгари силжитишга тайёр жамоа мавжуд эмас, мендай “йўл-йўлакай”лар билан эса ҳамкорлик қилиш ва ё беғараз фойдаланиб қолишга умуман эътибор қаратмайди.
Ижтимоий тармоқларда адабиётимиз намуналарини чет тилларига таржима қилаётган Зулхумор Мирзаева, Шуҳрат Сатторов, Шермурод Субҳон, Ҳафиза Алланазарова, Гулноза Одилова, Абдулатиф Абдуллаев, Асрор Аллаёров, Ойбек Остонов кабилар билан мулоқот қилиб тураман. “Жаҳон адабиёти” журнали уларнинг ҳам таржималарини босса, уюшма улар билан учрашувлар қилиб, таржима сирлари билан ўртоқлашишига имкон яратса, умум адабиётимизга наф эмасми? Ўтган ҳафта маҳаллий телеканалларимиз бирида ишловчи журналист камина билан шу мавзуда кўрсатув қиламиз, дея таклиф киритганича жим кетди; ТВ адабиётимиз, халқаро адабий муносабатлар ҳақида ошкора гапларни эфирга олиб чиқишга тайёргарлик кўраётган бўлса ажабмас.
Шу кунларда янги президентимиз ёзувчилар билан ҳам учрашиб, соҳадаги муаммоларга эътибор қаратаркан, деган гап юрибди. Учрашувга уюшмага аъзолару янгилик ва ошкораликка очилишга иккиланиб турганлар келадиган бўлса, яқин келажакда халқаро ижодий мулоқотлар, анжуманлар, адабиёт фестиваллари очиш, таржимонларни ўқитиш каби масалалардан умид қилмасаям бўлади.
Мабодо шу сатрларни ўқиётган муҳтарам ўқувчи ўшандай учрашувга таклиф қилинса, ундан биринчи навбатда бояги саксонни қоралаётган таржимонга, ижод ортидан қозон қайнатаётган ёзувчи-шоирларга, таржимонларга эътибор қаратиш масаласини кўтаринг, деб илтимос қилардим.
Тўғрисини айтсам, камина бировнинг эътиборига ҳам, қўлловига ҳам қараб турган жойим йўқ. Атрофимдаги ижодкор-таржимонларга кўпам умидвор бўлмай, имконимиз доирасида ўзимиз яхши кўрган ишларни бажаришда бардавом бўлсак, энг тўғри ва савобли ишни қиляпган бўламиз, дейман. Зеро, бандасидан қанча кўп умидвор бўлсак, шунча кўп ҳафсаламиз пир бўлгани қолади.