“Мўровусин!”

Бу йигитчани қишин-ёзин катта йўл четида бомдоддан хуфтонгача нон сотиб ўтирганини кўраман. Уловни олдига тўхтатиб, “битта” ишорасини қилсангиз бўлди, зипиллаб қора салафанга иссиққинасидан солиб беради. “Яхши ишлаб келинг!” дея дуо қилиб, қўл силкиб ҳам қўяди ортингиздан. Қўли гул. Бир гал эскигина машинам нақ новвойхонаси олдида бузилиб қолган-да, бирпаста тузатиб берганди. Ўшанда дарҳол олд капотни очаркан, “Ие, бу ракета экан-ку!” деб ҳайратланган моторнинг даҳшатлигини кўриб. Баҳоргача кўринмай қолди, шеригидан сўрасам, уйланиш учун водийга кетибди. Ҳар фаслга мослаб, бошига ғаройиб бошкийими қўндириб юрарди у: қиш кунлари узун қулоқчинли, солдатларникига ўхшаш қалпоғидан бемалол таниб олиш мумкин, иссиқда – ғароийб кепка. Новвойхонага қайтибди, тунов куни кўрдим, аммо бошида шапкаси йўқ. Кеча олдидан ғизиллаб ўтиб кетдим, танимади. Бугун шундоққина бурнининг тагига келиб, машинани тўхтатдим. Секин ичкарига мўралаб, “Ие, ўзингизми? Мўровусин янги мошналар!” тошканчасига деди самимий илжайиб. Уловдан тушдим, орқа ўриндиқда турган, ану мексикача кинодаги Мелиссионикига ўхшаш ёнлари кенг, кунгурадор шапкани бошига қўндириб, қўлига озроқ тўёна қистирдим: “Янги оила мўровусин, укам!” Қанийди, ҳалол ризқ излаб юрган шу йигитчани, унга ўхшаганларни кенг водий ё воҳадаги бўш ерларда Ойга, Марсга учадиган ракета заводи қурилишида кўрсам, биринчи маҳсулотни осмонга учириб турган маҳал ҳузурига келиб, баралла қутласам: “Мўровусин!” Эҳ!

(“Кичик ҳикоялар” туркумидан 2018)