Катя Стоилова (Болгария)

Шоира КАТЯ СТОИЛОВА 1971 йил 25 майда Болгарияниг Пловдив шаҳрида туғилган. Болгар тили ва тарихи, психология, махсус педагогика соҳаларида таълим олган. Мактаб ва болалар уйида психолог бўлиб ишлаган. 2006 йилдан буён Фан ва таълим вазирлиги қошида алоҳида кўмакка муҳтож болалар билан ишлаш бўлимида координаторлик қилмоқда. Шеър, ҳикоя ва эсселар ёзади. Биринчи китоби “Шиддатли умр” 1995 йили нашр этилган. Кейинчалик “Эҳтиросли ҳафта”, Айлана тасвири”, “Васильев дуолари” каби тўпламлари дунёга келди. Занзибар, Иордания, Ҳиндистон, Таиланд, Камбоджа, Куба ва бошқа чет мамлакатларга саёҳатларидан илҳомланиб, яна бир китобини нашр этиш арафасида. Добромир Тонев номидаги ҳамда “Муҳаббат асрори”, “Болгария – умид ва армоним”, “Олтин занжир” каби шеърий танловлар ғолиби бўлган.

Дўнгликдан пастга қараб…

 

Кўҳна Миср хартиасидай

Антиқаман, кетдим эскириб;

Ток новдаси мисоли, нетай,

Ўсиб кетдим телба-тескари;

Ҳув ташландиқ чекка қишлоқда

Қолган эски ёғоч тоғора

Кабидирман,

ва ё томоқда

Жон сўзлари қотиб тобора

Кўзёшларин тиёлмас қари

Жаҳон урушининг аскари –

Мисолиман, занглаган илмоқ –

Ҳеч нарсани бўлмагай осиб,

Қариб кетдим: Нурни қутқармоқ,

Оҳ, менга ҳеч бўлмагай насиб!

 

 

Болалик

 

Тошдеворга чиқсам жонҳалак

Топиб олар эди қанотлар,

Бармоқларим ичидан чак-чак

Томчиларди шарбат, соатлар,

Бекинмачоқ ўйнардик баргда,

Кўкдан инган нур билан майин,

Эҳ, тўқнашиб кетардик зарб-ла

Йиқилишдан қўрқмай тинмайин.

Боларилар келар юзма-юз,

Байрам завқи уяларида.

Қайдасан, деб излашар ҳануз

Саробларнинг сояларида.