Ўсаётган қанотлар

Уммонга ётаман, қўлларим – нажот,
Шунчалар зўрмидинг, кумушим осмон!
Ризқингдай жонимни кўтариб азот
Учириб келсанг-чи, чағалай-мезбон!

Кел, деюр олдимда чайқалган кема,
Олға сузмоқ учун уқувинг борми?
Айт: нени кўзладинг, аъмолинг нима,
Шиддатинг тўфон-у, шавқинг бисёрми?

Маъюсман. Тебратар жисмимни тўлқин,
Шодон балиқчалар қитиқлар товон.
Ногоҳ қароғимда чақнайди ёлқин,
Тафаккур жонланур, шуурим – равон!

Сузаман қуёшга етмоқ қасдида,
Такрорлаб ёд олган оятларимни.
Сезгум, ғичирлатиб курак устидан
Ўсиб чиқаётган қанотларимни!

 

(Сурат муаллифи: Аҳмад Тўра)