Нобелчи адиблар Ўзбекистонга таклиф этилди

Нобелчи адиблар Ўзбекистонга таклиф этилди

Нобелчи адиблар Ўзбекистонга таклиф этилди

Ўзбекистонда илк бор жорий этилган халқаро адабий алмашув дастури ташаббускори, ёзувчи ва таржимон Аъзам Обид адабиёт йўналишида Нобель мукофоти соҳиби бўлган ижодкорлар – Ўрхон Помуқ, Ҳерта Мюллер ва Мо Янни юртимизга таклиф қилди. Жаҳонга донғи кетган адиблар Uzbekistan’s Literature and Art Bridge (Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи кўприк) дастурида иштирок этишга даъват этилган.

«Мен кўп йиллардан буён она сайёрамиз бўйлаб сайру саёҳат қилиб, хориждаги дўсту ёрларимни Ватанимизга таклиф этиб келаман. Киприкдаги ёшдек қалқиб турган беқарор заминимизни қутқариб қолмоқ учун ижодий мулоқот ва алмашувларни кучайтириш лозим», – деб ёзади Аъзам Обид донгдор адибларга инглиз тилида йўллаган мактубида.

UzLAB дастури 2018 йил октябрь ойида тажриба сифатида жорий этилган. Ҳозирга қадар мазкур дастур доирасида ўндан зиёд хорижий давлат ижодкорлари юртимизда меҳмон бўлди. Хусусан, жорий йил 25 сентябрдан 10 октябрга қадар давом этган ёзувчи, рассом ва маданият ходими резиденция дастурида АҚШ, Австралия, Япония, Дания, Испания, Болгария, Исроил, Бангладеш, Қирғизистон ҳамда Қозоғистондан келган атоқли ижодкорлар қатнашди.

UzLAB ташаббусидан кўзланган мақсад – адабий, маданий алмашув, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатиш учун имконият яратиш, мунтазам ҳамкорлик қилиш, кўргазмалар ўтказиш, китоблар чоп этишдан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, UzLAB дастури махсус молия манбалари ва ҳомийлик маблағларисиз, кўнгиллиларнинг ҳиммати эвазига амалга оширилмоқда.

«Ислоҳот ва фикрий янгиланишга кўмак берувчи янги авлод шоир, ёзувчи ва рассомларини тарбиялаш учун белни маҳкам боғлаб жидду жаҳд қилмоқ лозим. Мавриди билан хорижда юрган кўп миллионли меҳнат муҳожирларимизни Ватанга қайтармоқ керак. Ўзбекистон гуллаб-яшнашини кўрмоқ – ҳар биримизнинг ардоқли орзумиздир. Умид қиламизки, дастуримиз келгусида юртимизда кенг кўламли халқаро ижодий лойиҳа ва фестиваллар ташкил этилиши, халқаро ижод уйлари очилишига туртки бўлади», – деб ёзади А.Обид ўз мактубида.

Атоқли адибларнинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби кўҳна шаҳарлар ҳамда яшил водийнинг кенту қасабаларини зиёрат қилиши, ижодий учрашувларда қатнашиши кўзда тутилган.

Турк адиби Ўрхон Помуқ (2006), олмон шоираси Ҳерта Мюллер (2009), хитой ёзувчиси Мо Янь (2012) бетакрор ижодий изланишлари учун адабиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлган.

С.Салим