Гуноҳимиз дув-дув тўкилди,
Кафтни кафтга қўйдик, гулойим.
Чит жойнамозим чирт сўкилди,
Қачон бўлур қиёмат қойим?
Айланайин ошёним тупроқ,
Сурни қанча кутамиз интиқ?
Сўроқ маҳал тутмасми титроқ?
Савобхалтам эмасму йиртиқ?
Мен фақирдай яна қўмсар ким
Устозларнинг таёқларини?
Ҳар кун Ҳирот бориб ювсайдим
Навоийнинг оёқларини…
Хўш, охиринг қачон, эй гардун?
Юборсайдинг мозий сасида –
Воҳ, ташаҳҳуд ўқирдим хар тун
Пайғамбарнинг пайтавасида!
Гуноҳимиз дув-дув тўкилди,
Кафтни кафтга қўйдик, мулойим.
Чит жойнамозим чирт сўкилди,
Қачон бўлур қиёмат қойим?
Қачон бўлур қиёмат қойим?