Камина ўзбек адабиёти ва санъатини дунёга танитиш бўйича йўл-йўлакай қилаётган ишларни аслида Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси ё бошқа ташкилотлар амалга ошириши керак, дейишади кўпинча.
Мен ундай деб ўйламайман. Чунки давлат ва ҳукуматга қарашли муассасаларда бунақа ишларни қилиш учун на команда, на хоҳиш ва на иштиёқ бор. Улар ҳам ишсиз ўтиргани йўқдир, аммо ғайратли, фидойи кишиларга улар билан ишлаш осонмас: жуда секин, бюрократик ва юзаки. Бир сўз билан айтса, буларнинг поезди жуда секин юради.
Ҳамма соҳадаям, энг аввало, иқтисодда, ва албатта, адабиёт, санъатда ҳам мустақиллик, эркинлик бўлмаса, ривожланиш фақат ортга сурилади, илғор тажриба ва янгиликлар ҳаётга кечикиб тадбиқ этилади, кимдир Марсга ва ундан нарига учаётган бир пайтда, биз ўзимизга ўралашиб, яхлит нарсани майда-майдалаб, ҳар куни кераксиз янги нарса яратган бўляпмиз холос.
Ҳукумат қарорларининг қай бирини бажаришни билмай боши қотган, буйруқ қоғозларга кўмилган уюшма ва бошқа аксар ташкилотлар тепароқдагиларнинг кўрсатма ва рухсатисиз ҳеч нарса қилолмайди.
Масалан, чет эллик битта шоирни Ўзбекистонга олиб келишни қўя турайлик, оддий ўзимизнинг бир қоракўз қалам соҳибимизнинг юбилейини ўтказмоқчи бўлса, ҳар хил тасдиқлаш ва розиликларни олиш учун бир неча ойлар, балки ҳатто йил керак бўлади уларга. Ишонмасангиз, ўзларидан сўранг, ҳеч йўқ интервью қиламан, десангиз, йўқ дейишмайди.
Ахир улар сиз-у бизнинг солиққа тўлаган миллионларимиздан тузилган бюджет пулларини шу фойдали ишларни қилиш учун сарфлаши керакмасми, дея тортишиб, бир нарсаларни исботлаб, асабингизни бузгандан кўра, альтернатив лойиҳаларга очилганингиз, яхши жамоа тузиб, ўзингиз нимадир қилганингиз маъқул.
Мустақил ё волонтёрлик лойиҳаларини бирпасда амалга оширасиз, мижғовланиб ўтирмайсиз, бировга ёрдам қил деб ялинмайсиз, бюджет тасдиқланармикин деб кўз тикмайсиз, яхши ният қиласиз-у шартта амалга оширасиз!
Ижодкор дўстим, ўзингизни ана шундай ишларга камарбаста адабий-маданий тадбир координатори, мустақил, янги резиденция дастурлари, адабий агентликлар ташкилотчиси бўлишга тайёрланг!
Майли, давлат ўз мукофотларини ўзи билганларга сочаверсин. Сиз мукофот илинжида бўлманг. Жуда керак бўлса, худди илғор мамлакатлардаги каби, Ўзбекистонда ҳам Пулитцер, Либерти, Букерга ўхшаш адабий-маданий мукофотларни шаффоф танлов асосида таъсис этишни ўйлашимиз мумкин. Унгача, митти-митти мустақил лойиҳалар бошлашга ўтинг, бир кун катта дарёларга айланади!
Алалхусус, жиддий танлов бошида турибсиз: Марсга учишни кўзлайсизми ва ё зўрға ўрмалайдиган поездга тирмашишними?