Митти суҳбат: Дилором Эргаш

​#Mitti interview

Гўзал, нафис ғазаллари билан танилган шоира Дилором Эргаш билан суҳбат

– Опа, Сизни уюшма аъзолигидан чиқариб, яна қайтадан тиклашдими? Шу орада нимадир ўзгардими ўзи Сиз учун?

Дилором: Йўқ ҳали. Опа, ариза қилиб беринг, тиклайлик шу аъзоликни дейишганди. Ҳали  бир ҳафсала қилолмадим. Пандемия сабаб бора олмадим ҳам Тошкентга.

Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлмасдан олдин ҳам ижодкор эдим. Чиқариб юборилганимда ҳам. Ҳозирги раҳбарлар анча ҳурмат билан ёндошиб туришибди ижодимга, шахсимга.

Бунинг ҳаммасини ижодимга ҳеч алоқаси йўқ. Сўзни Худо беради-ку, илҳомни ҳам. Табиатан жуда эркин одамман. Балки бу жуда яхшимасдир – лекин кўнглимнинг одамиман. Шароит ёки ижтимоий аҳволимнинг ижодимга алоқаси бўлмаган. Ишонсангиз йиғлаб ўтириб ёзаман. Шукур қилиб ёзаман. Худо  билан энг яқин вақтларимдан бири бу.

– Ижодингизни Facebook да кузатаман, ўқувчиларингиз кўп, ғазалларингиз жуда чиройли. Китоб чиқармай, расмий тадбирларга чақирилмай ҳам ижодкор эъзоз-эътибор топиши мумкин эканми?

Дилором: Мозийга қарайман. Машраб бувамиз тадбирларда шеър ўқимаганлар. Юртма-юрт айтиб-айтиб юраверганлар. Муқимий ҳазратимиз бировларнинг уйида хизматкор бўлиб ҳам Муқимий бўлаверганлар.

Китобларга келсак, ҳамиша ўз ҳисобимдан қилганман. Санжар Назар соғ бўлсинлар, ҳамиша бизга ён босдилар бу масалаларда.

– Адабиёт ва санъат мустақиллиги учун шогирдларингиз билан Наманганда янги бир ижодий ташаббус, ННТ очишга қандай қарайсиз?

Дилором: Бажонидил. Зотан шогирдлар билан ҳалигача битта оила – битта ташкилотмиз. Унга янаям ижодий ёндошиш айни муддао бўлади.