Rost24.uz – Фестиваль ўтказиш учун Президент қарорини кутиб ўтириш шартми?!

Давлатнинг бир сўмисиз ҳам ўтказиладиган фестивалга нега бюджетдан 6 миллиард олинмоқда?

14.06.2021 10:38453

“…Хўжакўрсинга бир марталик сохта лойиҳа тузилади, каттагина маблағ ювилиб шоввозлар чўнтагига тушади, ўша соҳада эса ҳеч нарса ўзгармайди ва мамлакат бирор яхши нарсага эришмай қолаверади…”

***

Кўнгилли фаоллар аслида бундай тадбирларни давлатдан бир сўм олмасдан қила олишади.

Фаоллар 5 та халқаро адабиёт фестиваллари учун Давлат бюджетидан бир тийин ҳам ишлатмай ўтказган.

  * * *

Бу фестивал пулига 10 йил тадбир ўтказиш мумкин!

  * * *

 Ғовада “халқаро адабиёт фестивали” ўтказилиши учун 6 миллиард бюджет маблағлари сарфланар экан. Афсуски, бу каби фестиваллар учун ҳар йили бир неча миллиардлаб маблағ сарфланади. Эътиборлиси, бу тадбирларга қанча маблағ ажратилиши туман, шаҳар, вилоят ҳокимликлари ёки вазирликлардаги инсофига, ва албатта, қанчалик тегишли ташкилотлар олдидаги ҳисобдорликни ҳис қилишига боғлиқ бўлиб қолаётгандек.

Кимдир катта фестивалга 1 миллиард ажратса яна кимдир шундай тадбирга 10 миллиардгача пулни бемалол сарфлаб юбораяпти. Бу ҳам пул ўмаришнинг бир тури бўлиб қолмаяптимикин, деган ҳаёлга боришингиз табиий. Шу каби тадбирларни кўнгиллилар мутлақо давлатдан ёрдам олмай ҳам ташкил этиши мумкин. Балки мана шундай лойиҳаларни қўллаш кўпроқ натижа берар? Бизда ҳам жаҳон тажрибасидаги каби, фестивалларни ташкил этишни нодавлат ташкилотларга буюртма қилиб, лойиҳа тарзида берилса бўлмайдими? Бунда фақат молиявий маблағлар эмас, балки меҳнат ресурслари ҳам тежалармиди? Ана шундай тадбирлар вақтида давлат идоралари вакилларини умуман хонасидан топа олмайсиз, ташкилот раҳбаридан то фаррошигача тадбирнинг ташкилий ишлари билан банд бўлади. 

Биз Ғовадаги фестивал ҳақидаги хабарни ўқиганимиздан сўнг бир неча халқаро дўстлик учрашувлари ташкилотчиси, ёзувчи Аъзам Обидов билан боғланиб, бу борадаги муносабатларини сўрадик:

Аҳволимиз “Оққуш, чўртан балиқ ва қисқичбақа”никидан ҳам баттарроқ

Ўзбекистонда ҳар бир соҳада ривожланиш олдида турган энг катта тўсиқ – бу шу соҳа ичида юриб, муваффақиятли ташаббус ва лойиҳалар қилиб юрган эксперт ва билимдонлардан маслаҳат, йўл-йўриқ ва кўмак сўрамасликдир. Аҳволимиз “Оққуш, чўртан балиқ ва қисқичбақа”никидан ҳам баттарроқ: ҳамма мақсад аравасини ҳар тарафга тортади, хўжакўрсинга бир марталик сохта лойиҳа тузилади, каттагина маблағ ювилиб шоввозлар чўнтагига тушади, ўша соҳада эса ҳеч нарса ўзгармайди ва мамлакат бирор яхши нарсага эришмай қолаверади. Тизим тўғри йўлга қўйилган эмас: мунтазамлик, изчиллик, халқ иштироки ва назорати йўқ.

Камина энг қуйи ташкилотдан тортиб катта катта даргоҳларгача расман мактуб йўллаб, Ўзбекистонда адабиёт ва санъат ривожи учун жиддий таклифлар киритганимни, инсофи бўлса, кўпчилик эслай олса керак. Халқаро ижод уйи, ҳар йили ўтказиладиган халқаро адабиёт анжумани, йиллик халқаро шеърият фестивали, Наманган шаҳрининг ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритиш, чет элларда Навоий институти очиш таклифлари ва ҳоказо. Булар оддий гап қуруқ таклифлар эмасди, балки жиддий ўйланган ҳамда масъуллар оғзини очиб қараб турмаса, амалга ошириш имконли, халқимиз учун жуда фойдали ва зарур лойиҳалар эди. Афсуски, буларнинг биронтасига бирор ташкилотдан жиддий реакция бўлмади. Тўғри, Наманган вилояти собиқ ҳокими Х.Бозоров Наманганни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш таклифим ортидан вилоятда шу соҳага масъул раҳбарларнинг бирига алоҳида топшириқ берган, аммо у мулозим тез орада бошқа ишга ўтиб кетди, ўрнига келгани эса юзма-юз учрашиш тугул каминани халқаро адабий алоқаларда бирор ишни эплай билмайдган ёзувчилар уюшмаси билан боғламоқчи бўлди.

Чуст тумани Ғова қишлоғидаги Чустий домланинг хароба дала ҳовлиси ҳақидаги мақолам тез орада шов-шув бўлиб, миллий сайтлар, ББСчилар ва Озодлик радиосигача чиқиб кетди. Натижада янги вилоят ҳокимининг қадами ўша жойга етди. Мана, бугун шу йил август ойида Ғовада “халқаро адабиёт фестивали” ўтказиш ҳақидаги хабарга кўзим тушди.

Нега Аъзам Обидовнинг халқаро лойиҳалари тўхтатиб қўйилди?

Каминани шахсан таниган-билганлар, адабиёт ва санъатимизни ҳеч бир тамасиз бутун дунёга холис тарғиб қилиб юрганимни билишар. Нима ишлар қилганим-у нега ҳафсалам пир бўлгани, барча халқаро лойиҳаларимни нега тўхтатиб қўйганимни билмоқчи бўлганлар эса мана бу ерни кўрсинлар.

Маблағлар қаерга сарфланаётганини, албатта, назорат қилиш керак!

Камина Чустда ўтказиш режалаштирилган “халқаро адабиёт фестивали”дан жуда хурсанд. Кўпчилик бу лойиҳа менга тегишлими-йўқми, деб сўраяпти. Йўқ. Агар кўнгилдагидек амалга ошса, у менинг холис танқидим натижасида юзага келган лойиҳа бўлади. Бироқ, Чуст тумани ҳокими Бекзод Ҳамдамовнинг ушбу фестиваль ва унинг атрофидаги тадбир-юмушлар учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилгани каминани ўйлантириб қўйди. Бу ярим миллион доллардан ортиқ пул дегани, аниқроғи 570 минг доллар!

Ғова аҳли, хурсандчилигингизга шерик бўлишимизни истасангиз, шунча маблағ қаерга, нимага сарфланишини, албатта, назорат қилиб боринг, бунга ҳаққингиз бор! Журналист ва блогер дўстлар, фаол жамоатчилик вакиллари ҳам бунга бефарқ бўлмасалар, айниқса, адабиёт фестивали учун қанча пул ажратилганини суриштиришдан ва масъулларни сўроққа тутишдан чўчимасалар.

5 та халқаро адабиёт фестиваллари учун Давлат бюджетидан бир тийин ҳам ишлатилмаган

Биз (камина, оилам ва Ўзбекистон бўйлаб 50 дан ортиқ волонтёр дўстларим жамоаси) 2018 ва 2019 йиллар давомида мустақил равишда 5 та катта-кичик халқаро резиденция дастури – халқаро адабиёт фестивали ўтказдик. Давлат бюджетидан бир тийин ҳам олган эмасмиз. Ҳар дастур учун ёнимиздан ўртача 10 миллиондан 20 миллион сўмгача пул сарфладик. Лойиҳамиз мамлакатимизда илк бор “Ўзбекистонда хорижлик ижодкор резиденцияда” номли UzLAB (Uzbekistan’s Literature and Art Bridge) доирасида ташкиллаштирилиб, 7 кундан 15 кунгача давом этди. Ушбу дастуримиз ҳам у кўзлаган мақсад ҳам уникал: чет эллик муаллифлар билан мулоқот ва ўзаро алоқага очилиш, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатиши учун имкон бериш ва шароит яратиш, келгусида фойдали дастур ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш учун адабий, профессионал муносабатларни йўлга қўйиш, кўргазмалар қилиш, чет тиллари курслари ташкил этиш, таржима ва адабий таҳрирлар қилиш, китоблар чоп этиш баробарида чет эллик ижодкор туристларни Ўзбекистонга жалб этишни кўзда тутади. Ушбу ижодий ташаббусимиз шартига кўра, дастурнинг хорижлик иштирокчилари меҳмонхонада эмас, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият ходимларининг уйларида улар билан бирга яшайди ва ижод қилади.

Австралия, Туркия, Япония, Дания, АҚШ, Ҳиндистон, Испания, Болгария, Исроил, Қирғизистон, Озарбайжон ва Қозоғистондан 40 дан ортиқ вакил иштирок этган чин маънодаги халқаро адабиёт ва санъат фестивалларимизда Ўзбекистондаги юзлаб мактаб ўқувчилари, талабалар, ижодкорлар мушоира ва ижодий учрашувлар, қисқа муддатли чет тили курслари, давра суҳбатларида қатнашди. Меҳмонлар учун кутубхона, адабиёт ва санъат музейларига, шунингдек, юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Аҳсикент каби тарихий шаҳар ва зиёратгоҳларига саёҳатлар уюштирдик. 

Дастур натижасида турли тиллардаги янги асарлар яратилди

 Ўтган дастурларимизнинг аниқ натижаси ўлароқ, болгариялик ёзувчи, дастуримизнинг биринчи иштирокчиси Мария Филипова Ўзбекистонга бағишлаб китоб ёзди (ҳозир у ўзбекча таржимаси ва унинг нашрини ким қиларкин, деб интиқ кутмоқда), ўзбек ёзувчиларининг ҳикоялар тўплами, ўзбек шоираларининг шеърий тўпламлари таҳрирдан чиқди, ўзбек шоирлари ижодидан намуналар эса инглиз, ҳинд, урду, озарбайжон, қирғиз, турк, болгар тилларига таржима қилинди, Болгариянинг Пловдив шаҳрида бир ҳафталик Ўзбекистон адабиёти ва санъат кунлари ўтказилиб, унда беш нафар ўзбек ижодкори иштирок этди. Ҳиндистон, Озарбайжон, Болгариява Қирғизистондаги 20 га яқин нашр фестивалимиз, ўзбек адабиёти ва санъатига оид катта мақолалар чоп этди

Бир фестивал пулига 10 йил тадбир ўтказиш мумкин!

Ғовадаги адабиёт фестивали баҳона ажратилган 6 миллиард сўмга (агар ғаламисона атайин сунъий тўсиқ қўйилмаса) бутун умр ишлаб турадиган Халқаро ижод уйи очишим, 10 йиллар давомида Ўзбекистонга бир неча юз чет эллик ижодкор олиб келишим, ижодкор туристлар ёрдами билан адабиёт ва санъатимиз ҳамда унинг энг илғор вакилларини дунёга янада фаолроқ тарғиб қилишим мумкин бўларди.

Фестивал ўтказиш учун Президент қарорини кутиб ўтириш шартми?!

Мен кўпдан буён Ўзбекистонда адабиёт ва санъат мустақил бўлиши керак, бир халқаро адабиёт ё фильм фестивали ўтказиш учун ҳам президент буйруғига кўз тикиб ўтириш шундоқ катта мамлакат учун жуда  кулгули, деб таъкидлаб келмоқдаман. Аммо, бу гапларим жуда узоқ келажакнинг гапларига ўхшаяпти. Унгача, катта раҳбарлару ҳокимларнинг эшигини тақиллатишни давом эттиришга тўғри келадими? Юрагим ачишади…

http://rost24.uz/uz/news/413