Айни пайтда илиқ ҳаволи Калифорниядаман, аммо кўнглим газ, светсиз совқотган Ватанда. Қишдан талафотсиз чиқиш ҳақида гапираверамиз, гўзал ҳаёт формуласини қалаштириб ташлайверамиз, аммо оммавий ҳаракатга айланган бирорта ташаббусимиз борми? Ҳар жабҳада жиддий таклифлар бор, лекин уларни қонунга айлантиришни илгари сурувчи волонтёрларимиз қани? Қонун ишлашини қаттиқ назоратга олиб, бир мушт бўлган, бир куч бўлган халқ-чи?
Совуққа чидамсиз канадалик илиқроқ фасл келгунча ар-ви – ғилдиракли кўчма уйига ўтирганча иссиққина Калифорнияга кўчиб, яшаб туради. Биз ҳеч йўқ чўнтакбопроқ Ҳиндистонга кўчишимиз тасаввурга сиғмайди, афсус.
Тебранмас партия, вазирлик, агентлик ва уюшмаларни тугаттиролсак, битта экологик партияни оммавий ҳаракатга айлантиролсак, мулозимларни тажриба ўрганиш баҳона гуруҳ-гуруҳ бўлиб чет элларга чиқаётганини чеклолсак, овқати учунгина миллиардлар исроф қилинаётган алламбало халқаро конференция ва форумларни онлайн ташкиллаштиришга эришолсак, бюджет маблағлари одамга ўхшаб яшашга оид ташаббусларга сарфланиб, ҳеч йўқ қишдан эсон-омон чиқиб олишни ўрганволармидик?!
Ер, сувдан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия, яшил табиатни асраш каби муаммолар Америкада қандай ҳал этилаётгани ҳақида фото ва митти видеолар қўйиб боришни режаладим, Телеграм каналимни кузатиб боринг. Юраклар музлаб турганда, қулоққа шеър ёқармиди?