Бу қайси эл?!

Ҳақ сўз айтар забонларни
Дарахтлардай кесадирлар,
Суви, гази йўқ жонларни
Шилган алдаркўсадирлар.
Бу қайси эл?

Шоирларда тутуруқ кам,
Эркни сотар шон-шарафга
Муллалари Худони ҳам
Қайишар, дер хон тарафга.
Бу қайси эл?

Ноиблари қарсаксевар,
Зўр элмиз, деб мужда қилар.
Ҳокимлари тарсаквервар,
Бир овозга сажда қилар.
Бу қайси эл?

Кекса-ю ёш юрар нолиб,
Лек ёв бошин ёрай демас,
Магар чиқса бир мухолиф
Қўллашга ҳеч ярай демас,
Бу қайси эл?

Эй дил, сенга сиёсатда,
Бирон бўшлиқ, тамоқ борму?
Бу чалкаш, бул аросатда
Чет элми ё қамоқ борму?
Бу қайси эл?

Германиялик фотограф Дирк Скиба олган сурат