Эски-янги сотиладиган Янгиобод бозорига тушдим, янада кенгайибди. Уялибгина турган момолар ва шумшайган холалар, ҳорғинлик акси тушган боболар ва кўкси очиқ ўртаёш амакилар поезд йўлигача ёйма тўшашибди. Бир роман бошлаб қўйганман, қандай давом этади, қачон тугайди, билмайман. Бир учи шу бозорга тақалади: терга ботган оппоқ соқол-мўйловли аравакаш – собиқ муаллим, сочлари тўзиган, кўзойнакли тоға – самолёт заводи муҳандиси, чанг-чунг китоб сотаётган янга – марказий кутубхона ходими — ҳамма шу ерда. Аҳвол чатоқ. “Вой-дод” деб ёзилган баннер сотиб олдим.