Бу юртда янгилик дейдиган ҳеч нарса қолмади: ҳамма позициялар эгалланган, қарорлар қатъий, ўзгар(тир)ишга ҳожат йўқ.
Мусаффо осмонда – қарғалар; гапирувчи тўтилар – қафасда; мухолифатга йўл ёпиқ.
Ҳой, сиз, суриш керак деганлар, қайдасиз? Яккам-дуккам кетганлар, оилангизни ҳам олиб кетинг, ўша ёқларда тинч бўлинг, орқага ҳеч нарса юборманг энди. Ҳеч нарса. Кетган ўлкангизни гуллатинг, илтимос.
Аввалроқ кетганлар, эндиям бизга бирор нарса ўргатаман деб овора бўлманг, кетган жамиятингизга қўшилиб-қўшилиб кетинг. Илтимос…
Кетмоқчи бўлганлар, бахтлироқ, эркинроқ ўлкаларга бутунлай кетинг. Ер ҳам, осмонлар ҳам, ҳамма нарса Аллоҳнинг мулкидир, бу заминнинг ҳар ерида яшашга бандалик ҳаққингиз бор, унутманг.
Ватандагилар, борига кўниб, йўғига чидаб, кўрмаганга ва билмаганга олиб яшашда бардавом бўламиз. Бирор нарсани ўзгартиролмаймиз. Қайғурмай, курашмай, танқид қилмай ҳам у дунёга эсон-омон етволса бўлади.
Ҳеч йўқ ўзингизни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, унда яна ўзгаришга йўл ва имкон қолдирган юртларга, ҳеч йўқ Ўзлик дунёсига тамоман кетмоқдан ўзга чора мавжуд эмас.
Ватанпарварлик – қизил гап. Ёлғон гапирмайдиган ва Худо олдида ҳисоб беришга ишонувчи Яхши Инсон бўлмоқ етарли, ҳатто кўплик ҳам қилади. Эндиям афсус демайлик.
Ҳаммага омад!