Камина фаластинлик ва исроиллик шоирлар билан, араб ва яқудийлар билан дунёнинг турли бурчакларида катта-кичик мушоираларда, форумларда қатнашганман, бирга битта хонада яшаганман. Араблар ва яқудийлар ўзаро ҳурмат-эҳтиром кўрсатганига, ёрдам берганига, бир-бирига ёвқараш қилмаганига гувоҳ бўлганман. Диний мансублик ё тарафкашликка бурсак, муаммо ечим топадиган эмас!
Кўп қайтаряпман: ҳозирги дунёда юзма-юз мулоқот камайиб кетмоқда! Халқларни, турли миллатга мансуб одамларни, айниқса зиддиятдагиларни бир-бирига яқинлаштирувчи платформаларни кўпайтирмоқ зарур. Ҳар ёқдан шоирлар, юмшоқкўнгиллар тинчликни ёқлаб ҳайқирмоқда. Аммо бу овозлар етарли эмас, амалий дастурлар ва тадбирларни кучайтирмаса бўлмайди.
Дунё ижодкорларини Ўзбекистонда йиғиш ғояси — резиденция дастуримни яна қайта мунтазам равишда ишга туширмоқчиман. Тинчлик учун, мазлумларни ҳимоя қилиш учун, золимларга йўқ дея олиш учун қўлимдан келадиган ожиз бир бандалик ишим шу бўлади менинг. Дунёга ўт кетса, оғзида сув билан оташни ўчиришга ошиққан чумолидай бўлолмасак, ким бўлдик?