Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида кичкинтойларга атаб ёзганим, “Гулхан”да чиққан мана бу шеърлар эсимга тушиб кетди:

Қушча

Тезроқ учгин, эй қушча,
Ёмғирда қолиб кетма!
Тағин қуёш чиққунча
Толиқиб, ҳориб кетма!
Шамол эсмоқда дув-дув,
Сув шилдираб оқмоқда.
Бизникига кириб тур,
Қара, ёмғир ёқмоқда.

Ақлсиз жўжа

Кир-чир жўжа кўзгуда
Ўз аксин кўриб қолди.
Жаҳли чиқиб бир зумда
Кўзгуга қараб солди.

“Нима бўляпти сенга?” –
Сўради она товуқ.
“Нега ўқраяр менга,
Анови турқи совуқ?!”