Эй ҳаёт, бунчалар ширинсан, лазиз,
Лолаларанг дунёда ҳар онинг азиз.
Нурафшон кунлар-чун шукримиз мўлдир,
Ойдин дуоларга қалбимиз тўлдир.
Руҳу жонимизни асра, Худойим,
Армону ғамларни кеткизгил доим.
Оламда тинчликни этгил барқарор,
Поёнига етсин қирғину террор.
Авлодимиз ўссин, ниятлар тоза,
Ҳурликдан ҳар юрак олсин андоза.
Асрдош, ватандош, даврадош ҳамкасб,
Ёрқин лаҳзаларни этажакмиз васф:
Тўлиб тургучийди сиз-ла сафимиз,
Йиллар бир-бировга тегди нафимиз,
Ўн етти сана ҳам учди қушдайин,
Ломакон бағрида ёрқин тушдайин,
Инжа туйғуларни чархлади бу вақт,
Не-не ҳодисотни шарҳлади бу вақт,
Гоҳ мушкул вазият, баъзан осуда,
Изсиз қумга сингди меҳнат гоҳида,
Зотан яхшиликка очилди диллар,
Пасту баландликдан ўтди манзиллар,
Орзу қанотида ойдин йўл томон
Равона бўларкан, бўлингиз омон.
Ложувард осмонда эртадан то шом
Офтоб йўлларингиз ёритсин мудом.
Қизингиз бахтини кўрингиз бутун,
Беғуборлик ичра билмасин ҳузун,
Ўғлингизга берсин мардлар йўлини,
Лойиқ фарзанд бўлсин, ўнгу сўлини
Саховатли дўстлар қуршасин ҳар он,
Иймон дарахтидан қуришсин қўрғон,
Набиралар бўлиб сизга соябон.
©Аъзам Обид 2014