Кексайиброқ кўринган чўлоқ қўнғир ит чўққайган кўйи бомдодга чақирилган азон овозини охиригача эшитиб бўлгач, ҳовли тўридан лапанглаганча меҳмонхона олдига келиб турди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, эшик аста очилиб, ичкаридан жигарранг йўлли сариқ мушукнинг боши кўринди. Ит бир керишиб оларкан, беозоргина бошу оёғини узатиб, эшик олдида чўзилиб ётаберди. Сариқвой ҳурмат бажо келтиргандай оҳистагина уни айланиб ўтди. Она бўлганига бир неча йил бўлганига қарамай, итнинг қатор эмизаклари бўртиб турар, қулайроқ чўзилиб олгани учун хира чироқ ёруғида юнглари орасидан улар яққол кўринарди. Мушук тумшуғини эмизаклардан бирига чўзди ва чўлпиллатиб эма бошлади. Меҳри товланиб ётган итнинг вужудидан сутми, шарбатми сизиб чиқаркан, сариқвой ҳузур қилиб эмишда давом этаверди. Меҳмонхонадан таҳорат олиш учун ташқарига чиққан нуроний онахон бир неча ойдан буён ҳар азонда шу тахлит керилиб ётадиган бу жониворларга кўпам эътибор бермай ўтаркан, “Яратган эгам, ҳар бир тирик жоннинг ризқини ўзинг улуғ қилгайсан”, деб қўйди.
© Кичик ҳикоялар туркумидан (2015)