Танишинг: Ажай М.К., шоир, муҳаррир
Учта шеърлар тўплами нашр этилган. “Анам” халқаро адабий журнали муҳаррири, Одиша адабиёт ва санъат фестивали ҳаммуаллифи. Ажай Ҳиндистон жанубидаги Керала штатида катта бўлган, ҳозир оиласи билан Ҳонгконгда яшайди.
Ажай бизни Ҳонгконгнинг энг кўркам жойлари билан таништирди. У билан Марказий Осиё шеърияти ва насрини ҳиндларга таништириш бўйича лойиҳа қилишни келишяпмиз.
Ажай бизга ҳинд юртидаги хилма-хил эътиқод, фалсафа ва таълимотлардан сўзлади, хазинанинг ўзгинаси.
Бир ҳикояси мана бундай:
Ҳозир ҳам Мумбайда 80 мингга яқин зардуштий бор, “парси” дейилади. Улардан кимдир вафот этса, ерга дафн этилмайди, ёқилмайди, балки жасадни тоғ ё баланд тепаликда махсус қурилган “сукунат минораси”да калхатларга ем бўлиш учун қолдирилади.
Ажай М.К. шеъри
Сув пўстини тирнаб
(Реданг ороли, Малайзия)
Кумуш тусли кўпик оёғимизда,
Лойқисқичбақалар тушади рақсга,
Қизчамиз чағалай, қирғий овозин
Ўхшатмоқчи бўлар,
Ваҳ, басма-басга.
Лабларимиз шўрхок, елкамиз узра
Шаббода қўлларин силкитар бот-бот,
Сувнинг юзасини очаркан тирнаб
Офтоб кўзимизга индирар ҳаёт.
Бир дельфин кўринур кулранг ва силлиқ
Сўрғичқанд қирмизи, гоҳ кўкиш тўлиқ.
Сардинка балиқлар ортган қайиқлар
Ёғоч пардаларнинг карвони мисол
Туз ҳар ён сочилур,
Қуёш нурлари
Базму жамшид ўйнаб, этмишдир висол.
Сен-чи қизимизни маҳкам қучасан,
Гўё унга қўлин чўзгандай денгиз.
Шу қоядор соҳил қўйнида бизлар
Мангу ёруғликнинг уч заррачаси,
Салқин, суюқ замин бурчида ёлғиз
Эшитилиб турар ғариблик саси.