Нияти холис, мақсади аниқ эди. Бир борди, оддийгина, таннозгина котиба назарига илмай қайтариб юборди. Иккинчи бор бўлим бошлиғи ваъдани қуюқ қилди. Ишдан кейин, тушлик маҳал, шанба кунлари у даргоҳнинг эшигини қоқишдан тинмади. «Ҳали бери бу юртда ҳақиқат қарор топишига кўзим етмайди» ё «келажак буюк бўлса, бугунда яшаётганларда нима айб?» демасликка ўзида куч топди. Ҳар гал юзида табассум, сўзида тиниқлик, қизишиб-тортишиш ўрнига хотиржамлик зоҳир. Иш тезроқ битиши учун ҳеч кимга пул қистирмади, сумкасида бир даста қонун ва қарор бўлди, шу боис тилини узун, сўзини ширин-ширин ва бутун қилди. Майли-да, орадан қанчадирам ой ўтиб, алмисоқдан бери эътиборсиз қолиб кетган кўчага асфальт ётқизишди. “Сексес стори – муваффақият ҳикояси, шундайлар кўпайсин”, деб қўйди кимдир. Талабчану ташаббускорлар ҳар соҳада топилсин, ҳар соҳа ривож-ривож топсин, топилмаса, энг катта бошлиқлар сизнинг ҳам кўчангиздан ўтиб турсин! Ҳеч бўлмаса, ўтаркан, деган гап тарқалиб, кўчангизга асфальт тушсин!
© Кичик ҳикоялар туркумидан – 2015