Давлат тадбирларига санъаткор чақирилганда, ҳақ тўланадими?

Ота-онамнинг арзимас пенсиясида, турли нафақаларда, мактаб, боғча, йўллар қурилишда ҳиссам бор деб сал кўкрагини керишни истаган ватандош албатта солиқ тўлаши керак.

Сўнгги кунларда қўшиқчи ва санъаткорларга қўшимча солиқ юкламаси ҳақида кўп гапириляпти. Лекин бир жиҳатни унутмаслик керак: Улар ҳозир ҳам солиқ тўлашади.

Кўпчилик санъаткорлар даромад солиғи ёки ЯТТ (якка тартибдаги тадбиркор) сифатида солиқ тўлаб келяпти. Албатта, ҳаммаси бир хил эмас: кимдир жуда шаффоф, ҳалол ишлайди, кимдир эса тўлиқ очиқмас.

Юлдуз Усмонова бир муҳим нарсани очиқлади: давлат ёки расмий тадбирларга санъаткорлар чақирилганда, кўп ҳолларда уларга ҳақ тўланмас экан.

Катта Савол: Нега?

Агар санъаткор солиқ тўлаётган бўлса, расман ишлаётган бўлса, нега унинг меҳнати бепул бўлиши керак?

Ахир оддий универсал қоида бор: меҳнат — ҳақ тўланиши керак бўлган қадрият! Агар ҳақ тўланмаса, санъаткорларда ҳам танлов бўлиши лозим: бундай тадбирларда иштирок этмаслик! Бу нафақат адолат, балки профессионал муносабат ҳамдир.