Бир бошга бир ўлим

Яхши бир олим ё ижодкор ўлса, жамиятимиз бир қалқиб олади. Аксар аҳоли мансуб бир қатлам худди куйингандай, “тилини тийиб юрганда кўпроқ яшарди”, дейди ва ўзини бундан буён кўпроқ иҳота қилишга ўтади, ўзи чизволган қизил чизиқларини баттар қалинлаштиради: “эркин ва жасур бўлиш – умр заволи”.

Яна бири эса, ҳар қандай шароит ва тузумда ҳам очиқ фикрни, жасоратли овозни бўғиб бўлмаслигига амин бўлади ва ўзини янада эркинлаштириш пайига тушади: бир бошга бир ўлим. Аммо бундай қатлам бизнинг юртда тобора сийраклашиб бормоқда.

Қабристон ораласангиз, аслида Ўлим олдида ҳар икки қатлам ҳам нотавон, ночор экани аёнлашади: ҳеч ким бу дунёдан тирик чиқолмайди. Ва ҳамма жуда тез унутилади!

Бугун ҳаёт экансиз, оддий нарсаларда – қуш сайраши, дарахт гуллаши, гўдак кулгуси, боғ сайри кабилардан завқ олишга ҳам одатланинг. Яқинларингизга ширин сўз айтинг. Ҳаётингизни фақат изтиробга бериб қўйманг.

Адолатсизликдан ўртаниш, ҳақсизликдан дод дейиш бор гап, аммо сиз ҳам ҳали кўпроқ яшашга ҳақлисиз. Ҳаётингизга озроқ завқ қўшиш ўзингизга боғлиқ.

Тўғрисўзликка ҳеч нарса етмайди. Ишингиз, сўзингиз бир бўлса, ҳалол эсангиз, авторитар Ўзбекистонда ҳам озод ва яхшироқ яшаш учун “дарича” бор. Агар тоза одам бўлсангиз-у, ноҳақликка учрасангиз ҳам, қаттиқ изтироб чекманг: ортингизда Аллоҳ турибди.

Бу дунёдан ҳеч ким тирик чиқолмаган! Ҳаммага омад!