Электрон виза носозми?

Хорижлик дўстларнинг Ўзбекистонга электрон виза олиши тизими яхши ишламаяпти. Вьетнамлик шоирага камида 2 ҳафта вақт кетди, америкалик адиба эса мана 10 кундан ортиқ кутяпти, тизим тушунарсиз бўлгани учун қачон визаси чиқиши аниқмас, шу боис, афсуски, дастуримиздан қолиб кетиши мумкин. Ваҳоланки, сайтда виза олиш жараёнига 2-3 кун кетади, деб нотўғри маълумот ёзишяпти.

Кеча Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бўлимига бориб суриштирдим. Уларнинг системасида ҳали дўстимизнинг аризаси кўринмаяпти, Туризм қўмитасига учранглар, деяпти. Хуллас, бу электрон виза олиш тизимини яхшиламай туриб, туристлар оқимини кўпайтиришимиз жуда қийин.

Консуллик бўлими Тошкент курантининг ёнида, “Билайн” офиси рўпарасида. Курантга етмай ўнгга қарасангиз, сўлим бир паркка кўзингиз тушади. Паркнинг нариги бурчида Тошкент фотосуратлар уйи. Хуллас, марказ тарафга йўлингиз тушса, шу паркка ҳам кириб ўтсангиз, муаммолари тугамайдиган ҳаёт, ижод, дунё ва охират ҳақида тафаккурга чўмсангиз, анча енгил тортасиз.