Порнпен Ҳантракул 1947 йили Таиланд пойтахти Бангкокка яқин Чао Фйа дарёси бўйида жойлашган эски шаҳарчада туғилган. Япониядаги Тенри университети ва Таиланд Силпакорн университетида тарих фанидан сабоқ берган. “Вақт оралаб учаётган баҳор ва кузлар” ҳамда “Исмсиз чечак” номли шеърий китоблари тай ва инглиз тилларида нашр этилган. У Япония, Вьетнам ва Ҳиндистон олий таълим масканларида илмий ишлар қилган, Вьетнам тарихи ва адабиётига оид илмий-ўқув дастурини тайёрлаган. Шеърлари халқаро антологияларда босилган. Порнпен кўплаб халқаро шеърият ва адабиёт анжуманларининг фахрий иштирокчисидир.
Оғоч
Муз остида жунжикар танам
Йиғламайман, чин
Элитади уйқу, олгум тин
Қувват йиғмоқ лозимдир яна
Сабр ила кутмоқлик учун
Уйғон дея беозоргина
Ҳали баҳор қоқар остона
Йўқолган хилқат
Октябрда тарк этган жоним
Қайтмайсанми энди ҳеч қачон
Бир кун яна келмоқлигинг бор
Баайники ул барги хазон
Вақт чорласа келади такрор
Чорлайвердим сени йилма-йил
Дийдор бўлди бизга бегона
Таассуф мен эмасман фурсат
Бўлгум сендай кетиб қаёна
Бир кун мен ҳам йўқолган хилқат
Журъат
Бугун бир тўп одам дўкон ёнида
Битта зулмкорга чиқарди қарши
Бир тўда кабутар учар фонида
Кўрдим журъатлилар эркинлик маршин
Эртага қаршилик ёйилар кенгроқ
Учар кабутарлар тўлдириб само
У ёқ бу ёқларда босилар ингроқ
Сўнгги зафар қучар журъатли садо
Фақат… ҳеч келмайди эрта дегани
Эркка қурбон бўлди бугун ботир, мард
Қаршилик маҳв ўлди, ўликлар тани
Ўлмас руҳ қолдирди майдонда абад.
Одам савдоси
Умри унинг чиндан аянчли, даҳшат,
Паррандадай овқат ахтарар нуқул
Дарбадар ва мискин кезинар ҳар вақт
Ҳаёти бир пул!
Бекорга даллиман дейди ўзини
Кимдир у ортидан фойда қасдида
Бурда учун кун-тун юрса кезиниб
Чопишар кинога олиш шаштида
Лағмон дўконида кичкина пақир
Кунлик озуқага тўлар, ўлмайди
Худойим, бул банда шунчалик фақир
Видео клипга мосланган дайди
Отилар қаҳқаҳа
У-чи оч, юпун
Калака қилишдан тинмас овозлар
Ҳайҳот, бир ўлимдан шон-шуҳрат устун
Ундан пул қилмоқчи бўлар шоввозлар!
Энг эзгу орзу
Нафис қанот ёзиб хаёлот
Кенг денгизга қилсайди парвоз
Оғушига олиб самовот
Етказсайди этибон пардоз
Бори ҳақнинг ҳузурига бот
© Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси – 2015