Бурун

Тағин қип-қизариб кетди. Тошма тошмагани аниқ, кундалик егулиги ўша-ўша, бировдан ҳуркиб-қўрқадиган ҳам эмас. “Яна мени севишяпти шекил” деган ўйда тўхталди. Ғалати севишади. Тушда кўришган бўлса ҳам, кечга яқин мунгли соғинчни “смс” орқали хабар қилишади. Ҳеч нарсага ва ҳеч кимга қарамай жуда, жуда яхши кўришади уни. Турмушга чиқинг, деса, тоза хафа бўлишади: сизга осилволмаяпман-ку. Тунлари ҳидлаб ётиш учун эгнидаги куйлагини беришга, гоҳ-гоҳ келиб, тиззасига бош қўйиб, дўстона меҳр тутишга, сочу юзини силаб, ўзича юпатишга тайёр. Истаса, юзу кўзидан ўпиб-ўпиб олсин, истаса, қучиб-тутиб ўтирсин, силаб-сийпаласин. Фақат нега ҳеч шу қирмизи бурнига тегмайди? Бўлди, бу сафар албатта бурнидан ўптиради! “Оилам, бола-чақам бор, мени севманг” демайди, деёлмайди, тушунади. Севилиш унга ҳечам ортиқчамас. Аммо бурни қизармаса бўлди, бурнини қизартирмай севишса етар!       

© Кичик ҳикоялар туркумидан – 2015