Яна “халқаро” мукофотлар ҳақида

Мен адабиёт соҳасидаги ҳар хил мукофотларни инкор қилмайман, фақат адабий жамоатчиликни реал ҳолат билан таништиришни истайман. Воқелик шундаки, “халқаро” ё “мукофот” деб эълон қилинаётганларнинг ҳаммаси ҳам расман тан олинган ёки нуфузли эмас. Масалан, дунё бўйлаб жуда кўп “ўзини-ўзи ташкил қилиб олган” PEN клублар бор — аммо улар ҳақиқий PEN International тармоғига мутлақо алоқадор эмас. Ўшандай клуб ё иттифоқлар, яна баъзи фестиваллар – мисол учун хитойликларнинг янги Боао фестивали – “йилнинг жаҳон шоири”, “йил ёзувчиси”, “йил китоби” каби жуда баландпарвоз номинациялар эълон қилмоқда, лекин улар ортида жиддий танлов, саҳиҳ эксперт баҳоси ёки холис синов мезонлари борлигига далил кўрсатилмаган. Ва улар тақдим этаётгани бор-йўғи муҳри бор қоғоз (ва кўпинча электрон шаклдаги), нари борса, статуэтка холос. Бу биздаги “Турон” деган уюшманинг халқ ёзувчиси ё шоири унвони, ва ё бошқа шубҳали ташкилот ва шахсларнинг (очиқчасига пулга) ялтироқ диплом, медаль ва сертификатлар улашаётгани кабидир.

Шунингдек, жиддий ёки нуфузли адабий мукофотларда, одатда, моддий қисм бўлади, яъни : пул мукофоти, грант ёки нашр имконияти. Шу боис менинг мақсадим бирор кимни камситиш эмас, балки ёзувчи ва шоирлар, айниқса ёш ижодкорлар реал тарозини кўра билиши, ҳақиқий нуфуз билан рамзий эътирофни фарқлай олишига ёрдам беришдир.

Агар, халқаро адабий майдондаги, масалан Хитойдаги юқори нуфузга эга мукофотлар ҳақида гапирсак ва солиштирсак, фарқини янада аниқ билиб оламиз. Мао Дун адабиёт мукофоти мамлакатдаги энг юксак адабий босқич бўлиб, ғолибга тахминан $65,000–$75,000 миқдорида пул мукофоти берилади.

Лу Сюнь мукофоти – шеърият, қисса, эссе, таржима ва адабий танқид учун – пул мукофоти одатда $1,500–$7,000 оралиғида бўлади. Лао Шэ мукофоти эса драматургия ва наср соҳасида тан олинади ва у ҳам тахминан $3,000–$7,000 атрофида моддий мукофот тақдим қилади. Яна, Инчун халқаро шеърият мукофоти ўзига хос аҳамиятга эга — чунки шеърият йўналишида ғолибга $10,000 миқдорида пул мукофоти бор.

Ушбу мукофотлар расмий ташкилотлар ёки йирик адабий институтлар орқали катта шаффоф танлов йўли билан берилади.