Юри ЗАМБРАНО (Мексика)

YuriШоир ва носир Юри ЗАМБРАНО Мексикада туғилган. Жаҳон шеърият фестиваллари директори, Жаҳон шеърият ҳаракати аъзоси, аёллар ҳуқуқининг фаол тарғиботчиси. Халқаро Че Гевара жамғармаси ва Қизил коллектив утопия ташкилотининг фаоли. 40 дан ортиқ китоби турли тилларда (асосан испан ва инглиз тилларида) нашр этилган. 15 та шеърий тўплами, жумладан 3 та болаларга атаб ёзган китоби мавжуд. Адабий асарлар қаторида илмий ишлари, жумладан онг ва хулқ мавзуси ёритилган асарлари ҳам босилган. У шеърият халқлар ўртасида дўстлик ва қардошликни мустаҳкамловчи восита эканига чин дилдан ишонади. Унинг наздида шеърият нафосат ва инсоний теранлик маҳсулидир.

 

Таклиф

 

Метин деворларни бузишга қодир
етгучи ботиний тундлигимизга
ҳайратомуз аёлга оид
эрур камтарона таклифим.

 

Ёлғизлик андуҳин юпатмоқ учун
жаннатий маъвонинг 999 тасин яратишга,
абадиятга дахдорларнинг зеҳниятига оид
даҳшатли ҳикояларга чидамоққа,
икки ажралганни қовуштирмоғу
янги бебош уюшмани қондирмоқликка,
мардона руҳи-ла чексиз, ҳудудсиз
йўлларни нурафшон этмоққа,
мўъжаз ошиёнин ясатай дея
кучли ришталарни узмоққа,
бировга фаровон қиларкан хизмат
қалбини малолсиз тўқиб солмоққа,
бир лаҳзага бўлсин чуқур ҳислар-чун
пок туйғуларини қурбон этмоққа
қодир бир аёл;
бори иллатларин аён биларкан
фазилатларини қилгучи инкор.

 

Шундай саховатли ва мўъжизакор
аёл мавзусини таклиф этарам
сабабки, нафсини жим ўлдираркан
у намойиш этур чинданам
тўғрилигин бешовқин ишқнинг.

 

***

 

Экзистенциал ҳарам

Шоир ғамнок ўлса, ёзгани қайда?

Бир сўз ёзолмайсиз маъюслик ичра,
қоғоз сийпалашга моҳир қўлингиз
дафъатан карахтга айланар
бенуқсон ва кўчмас тош каби.

Бу зимистон йўлости аро
майин оқа билмас шаффоф сўз.

Хаёлчану фараз сатрлар
манзараси бемаъни отлар
ўгирётган тўнғиз-чун ахлат.
сирли-сирли учар сифатлар
ғуссали кўзларни кўрсатур бўм-бўш
оний пағамбарлар умиди мисол
шунчалар ғалат.

Поезд йўрғалайди нақ эриб битган
катта портлаш орқали аста
боқиб қароғингиз музойнасига
судраганча митти афсунни
рақс этади шаманчасига
ғазабнок тасаввур парчаси каби
шифрли хотирнинг момиқ бандиси.

Лекин ҳозир бундайин нигоҳ
тартибсизлик синонимидир…
шишали ҳам шўр парчаларнинг
бетартиблиги
ўз навбатин кутган жимгина
қоғоз ҳаққи қилгувчи дуо
ҳеч хаёлдан ўчмас битта пар…

ўз қайғуси ҳақда ёзишга
уринётган ғамгин шоирча
ҳеч нимарса йўқдир маъюсроқ.

 

© Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси