«Фейсбук»да ўтган ярим йил ичида уч-тўрт нафар ўзбек шоир ва ёзувчиларининг китоблари АҚШдаги «Лулу» нашриётида босилгани хабарига муҳтарам ўқувчининг ҳам кўзи тушган бўлса керак. Ўзбек ижодкорларини чет элда нашр этилиши, умуман, хорижга чиқиши ва тарғиб этилишига чин дилдан қувонадиган, бу ишда уларни баҳоли қудрат рағбатлантириб ва қўллаб-қувватлаб келаётган мендай бир одам дўпписини осмонга отиши керакдир. Аввало, кўнглимиздан чиқадиган биринчи гап: «Муборак бўлсин!» Аммо… Ҳар галгидай гапни мухтасар қилсам: ўзбегимнинг катта-кичик ижодкорлари, «Лулу» (Lulu.com) ва шунга ўхшаш «самиздат» ноширларга кўпам кўнгил бермайлик.
Ҳеч йўқ, масалан, анчадан буён ижодини кузатиб келаётганим, кўплаб шеърлари турли тилларга аллақачон ўгирилган, хусусан, камина инглиз тилига таржима қилган Хосият Рустам ва у каби етук шоиру ёзувчиларимиз, шубҳасиз, дунёдаги йирик нашриётларда, жумладан, АҚШда чоп этилишга лойиқ ва қандайдир «самиздат»ларга муҳтож эмасдай туюлади менга. Умидбахш ижодкор укаларимиз Шерзод Комил Халил, Асрор Аллаёров ва Умид Али кабилар ҳам ўз китобларини АҚШда «чоп эттириш»дан бошламаганлари маъқул эди. Қолаверса, инглизча ўқиб тушунадиганлар «Лулу» ва унга ўхшаш ўнлаб «талабга кўра» ишлайдиган, бир зумда китоб дизайни, нашр рақами ва ҳоказоларни муаллиф ё ёлланган кишининг ўзи тегишли катакларга киритгач, бирпасда китобга айлантирадиган, китобингизни таҳрирсиз босадиган онлайн нашриёт, ҳатто озроқ маблағ эвазига босма ҳолда китобингизни чиқариб, уйингизгача етказиб берувчи ноширлар ҳақида ўзини ҳурмат қиладиган дунё ёзувчиларининг фикри ҳеч мақтагулик эмаслигини Интернетдан ўқиб олсалар яхши ва фойдалироқ бўлур эди.
Умуман олганда, ёшларимизнинг шуҳратпарастликка берилиб кетишининг олдини олиш («Лулу» ва унга ўхшаганлар ўзларини «vanity publiсations», яъни шон-шуҳрат истовчилар нашри деб атайди), бунинг ўрнига миллатимиз, адабиётимиз учун фойдалироқ бўлган ишларнинг бошини тутишга чорлаш бизнинг асл мақсадимиздир.
Модомики, «Қандини урмайдими, сенга нима?», дегувчилар ҳам топилгани ва ундайлар яна кўп бўлиши табиийлиги юзасидан ва ё укаларимиздан бирининг «китобларим минглаб нусхада ва фалон пулга Амазону бошқа Интернет магазинларида сотиляпти, сизникини қаерда ўқиймиз ё сотиляптими?» саволига жавобан, эслатгимиз келадики, биз сиз айтган кўчалардан аллақачон ўтиб кетганмиз, бизнинг ўз минбаримиз ва ўқувчиларимиз бор, ёзганларимизни сайтимизга қўямиз, катта-кичик давраларда ўқиб эшиттирамиз, ўзимиз таржима қиламиз ё биратўла хорижий тилда ижод қиламиз, маъқул кўрганлар ўз тилларига ўгиришади, ўз юртларида босишади ва ҳоказо. Бизга қулоқ тутсангиз, насиҳату тавсияларимизни олсангиз, йўл қўйган камчиликларимизни қайтармай, янада олға кетасиз, дегимиз келади.
Аъзам Обидни ҳар йили халқаро адабий анжуманларга, семинарларга чорлаётганларига сабаб, бизнингча, унинг таниқли ё кучли ижодкорлиги учун эмас, балки у анчадан буён Ўзбекистонни, ўзбек адабиётини, хусусан шеъриятини хорижда намойиш этиб юргани, бағрикенглиги, чет эл ижокдорлари билан уларнинг тилида ва халқлар ўртасида кенг тарқалган тилларда самимий, дўстона мулоқотга киришиши юзасидандир. Жиллақурса, 2000-йиллар бошида чоп этганимиз, ўзбегимнинг 50 нафарча катта-ю кичик шоирлари жамланган инглиз тилидаги «Tunes of Asia»ни эсга олинг. Унинг тўлиғича Ҳиндистонда ассам тилида китоб ҳолида чиққани, АҚШдаги Айова халқаро ёзувчилар дастури веб-журналида нашр этилганидан бохабармисиз? Ўн йиллар аввал Жанубий Америкадаги машҳур «Прометео» шеърият журналида 15 нафар ўзбек шоирларининг асарлари испан тилида, Францияда француз тилида, Англияда инглиз тилида чоп этилганини эслаб кўринг.
Шунга дарров ўз асарингизни хорижда нашр этишни Америкадан бошлашингиз ғалати туюлади-да, мени маъзур тутинг. У ерда Ўзбекистон қаерда жойлашганини яхши билишмайди-ю, ўзларига ноаён ўзбек ёзувчи ё шоирининг китобини тайёргина босиб, минглаб нусхаларда сотиб беришларига ишонувчи содда бўлманг-эй, ўзбегим.
Эркин Аъзамнинг «Farewell to fairy tales» китоби устида таржимадан кейин ҳам инглиз муҳаррир хоним билан камида уч ой «Скайп» орқали иш олиб бордик. ЮНЕСКОдаги ваколатхонамиз бош-қош бўлиб, китоб инглиз ва француз тилида босилди, АҚШ ва Франциядаги элчихонамиз Вашингтон ва Парижда тақдимот ўтказиб берди, билганича тарғиб этди. Америкада ўзбек ёзувчиларининг ҳикоялар тўпламини тузиш йўлида неча йиллардан буён меҳнат қилаётган олима, таржима синглимиз Зулхумор Мирзаевадан сўранг чет элда китоб чоп этиш машаққатини…
Сиз ҳам ишни шундай қуйидан бошлаб олиб боринг, азизим. Энг аввал бир неча хорижий тилни яхшилаб ўрганинг, ҳеч йўқ мулоқот қилишнинг уддасидан чиқинг, ўша тилларда асарлар ёзишга уриниб кўринг. Қайсидир «халқаро адабий фестивалнинг Ўзбекистондаги координатори ё директори деб тайинландик» деб эълон қилаётган укаларим, биродарларим, бундай мартаба сизларга қутлуғ бўлсин! Бизни ҳам неча йиллар аввал «Жаҳон шоирлар ҳаракати» ўзининг Ўзбекистондаги координатори этиб тайинлаганди. Бироқ, Юдаков музейидаги, кутубхоналар, университет ва бошқа жамоат жойларидаги адабий учрашувларимиз, ёзувчи-шоирларни халқаро анжуман ва дастурларга тайёрлашимиз, асарларини баҳоли қудрат таржима қилишимиз, куй-қўшиққа солишимиз, халқаро антологияларга тартиб беришимиз, халқаро ёзувчилар дастурини очишга уринишларимиз ҳали етарли эмаслиги учун бировга айтишгаям ийманиб турган жойимиз бор.
Қачондир биз «ҳар бир ижодкорнинг ўз тақдири бор, омади чопганлар, Худо сийлаганлар бор орамизда» дегандик, ҳозир ҳам шу фикрдамиз. Китобини, қандай йўл билан бўлмасин, Ўзбекистондами, Ҳиндистондами, Америкадами, чоп этаётганларга фақат «Қандингни ур!» деймиз. Юқорида ёзганларимизга амал қилишса, янаям хурсанд бўламиз. Аввалроқ битганимиз қуйидаги линкдаги мисраларга ҳам бир кўз ташлаб қўйсангиз, дўппимизни осмонга отамиз! http://azamabidov.uz/?p=745#more-745
Кўрcатилган линкни очолмаганлар учун:
Ёзувчим ва шоиримга
Гоҳида ёш қаламкашлар ёзганларини юбориб, таржима қилиб беришимни илтимос қилишса, уларга ётиғи билан маслаҳат бераман: нега ўзингиз қилмайсиз? “Мен таржимон эмасман-да” ё “тил билмайман”, дейди аксари. Эҳ, ёшларимиз-а! Тил ўрганаман деганга етарли шароит, ресурс ва имконият бор ҳозирги пайтда бундай баҳона қилиш ҳеч ярашмайди. Дангасалик, ўз устида ишламаслик, замонавий технологиядан фойдаланиш-у хорижий тилларни ўрганмаслик кўплаб ўзбек шоир ва ёзувчиларига теккан касаллик бўлиб қолмаяптими? Бўлар-бўлмасга ғурурланиш, тарқоқлик, тартибсизлик, принципсизлик ҳолатларини ҳам узоқдан излаш шартмас. Хуллас, ушбу мухтасар мақолада замонавий ўзбек ёзувчи ё шоири қандай бўлмоғи кераклиги, чет элга чиқиш, хорижлик адиблар билан мулоқотни йўлга қўйиш, чет элда асарлари босилишга эришиш учун нималарга эътибор қаратмоғи кераклиги хусусида озроқ фикрлашсак. Аввало, ёзувчи дегани, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, асарлари чет тилларига таржима қилинишга лойиқ ҳамда халқнинг дарду ҳасрати, туриш-турмушини бадиий тасвирлаш орқали дунёга ўзбек адабиёти вакили сифатида таништирса бўладиган ўзбек ёзувчи ё шоири кенг фикрли, ҳар қандай вазиятга холис баҳо бера оладиган, олдинни кўра биладиган инсон бўлмоғи керак.Энг муҳими, яхши ёзувчи ё шоир бўлиш учун у кўп яхши ва фойдали китоблар ўқиши, ахборот воситаларида ёритилаётган воқеа-ҳодисаларни бир нечта манбадан солиштириб ўрганиши, дунё воқеалари, сиёсат, жамият ҳаёти, ютуқ ва муаммолардан бохабар бўлиши лозимлигини яна эсга солсак бўлади.
Замонавий ўзбек ёзувчиси ўзбек ва рус тилларини билишдан ташқари, камида битта хорижий тилни, хусусан инглизчани яхши ўрганиб олиши керак. Тошкентда бепул суҳбат клубларига қатнашса бўлади, бир нечта элчихоналарда тил ўрганиш клублари ҳам бор. Инглиз тилини ўрганиш учун Ҳиндистондаги махсус “АйТек” (ITEC) дастурини тавсия этамиз. Ҳиндистон элчихонаси орқали йилига ўнлаб юртдошларимиз, жумладан ёзувчилар малака ошириб келмоқда. Чет элга чиққан ижодкор ўзга юртда кўплаб таниш ва дўстлар орттиради, мулоқот қилади, фикри теранлашади, ижодкорлар билан суҳбатлашади, тажриба алмашади, ижодига янги ранглар олиб киради. Чет элга боришдан аввал, ёзувчи соғлигининг мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилиши (бунинг учун спорт билан шуғулланиш, спиртли ичимлик ичмаслик, азонда туришни одат қилиш, тўғри овқатланишга эътибор қаратиш), мамлакатдан чиқиш визаси олиши, бораётган мамлакат визаси учун эртароқ ҳаракат қилиши каби масалаларни инобатга олиши даркор.
Агар ёш қаламкаш дўстимиз ҳали қаерга ўқишга киришни билмай турган бўлса, дипломатия соҳасини танлашини ва албатта шу соҳада иш топишга ҳаракат қилишини маслаҳат берамиз. Чингиз Айтматовни эсланг: у ўн йиллар давомида Европада элчилик қилди. Шу тариқа халқаро муносабатлар билан шуғулланди, халқларни ўзаро бир-бирини тушунишга кўмаклашди, асарларини чет тилларга таржима қилиниб, хорижий мамлакатларда чоп этилишига эришди. Ўзини, Ватанини, илғор умуминсоний ғояларини тарғиб қилди. “Халқаро ёзувчи” бўлишни кўзлаган шоир ё ёзувчи кўп саёҳат қилса фойдали, шу боис ҳеч бўлмаса “Жаҳон” ахборот агентлигига ё чет эл оммавий ахборот воситаларига, Ташқи ишлар вазирлигига, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихона ва консулликларига, ё бўлмаса халқаро ташкилотларга ишга ўтишига эришиши лозим.
Инглиз ё бошқа ғарб тилларини яхши билувчи ижодкорлар учун илғор мамлакатлардаги адабий дастурларда иштирок этиш имкони мавжуд. Бундай дастурлар ўзбек ёзувчисининг бошқа мамлакатлардаги ёзувчилар билан мунтазам мулоқотини йўлга қўйишга, чет элда танилишига, асарларининг таржима қилинишига туртки бўлади.
Ёш қаламкашлар фалон пулли шартнома ё бошқа йўллар билан ўқишга кираётганда, шу пулга ва ё чет тилини кучли билиш туфайли чет элда сабоқ олиш мумкинлигини ёддан чиқаришмасин. Ўзбекистондаги қатор элчихоналарда кучли талаба ва профессионаллар учун АҚШ, Европа ва илғор Шарқ мамлакатларида бепул таълим олиш ҳамда малака ошириш дастурлари борлигини ҳам эътибордан қочирманг.
Тошкентда ҳар йили камида 2-3 та халқаро таълим кўргазмаси бўлиб ўтади. Ижодкорлар ана шундай ярмаркаларга бориб, ўзларига маъқул чет мамлакатдаги таълим масканларига имтиҳон топшириш ва ўқиш билан боғлиқ бошқа саволларга жавоб олишса, чет элдаги университетда ўқишса қандоқ яхши!
Чет элга чиқиш тажрибаси етарли бўлган ёзувчилар хориждаги адабиёт фестивалларига қатнашиб туриши ҳар жиҳатдан фойдали. Одатда, бундай фестивалларда ёзувчи ё шоирнинг асарларидан намуналар таржима қилинади, уларга мактаб, университет, жамоат жойларида Ўзбекистон, адабиёт ва ижод ҳақида маърузалар, ўша мамлакат оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилишга имкон яратилади. Халқаро адабиёт фестивалларида бутун дунёдан ижодкорлар иштирок этади, бу ўз навбатида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйишга, халқаро адабий лойиҳалар устида биргаликда ишлашга замин яратади.
Замонамиз ёзувчилари чет элга чиқиш билан биргаликда, чет эллик ёзувчиларни Ўзбекистонга олиб келиш ишида ҳам ёрдамчи бўлишлари керак. Бу ишни “Ўзбекистонда халқаро шеърият фестивали”, “Ёзувчи резиденцияда”, “Таржимонлар семинари” каби кичикроқ тадбирлар орқали амалга оширса бўлади. Албатта, Ёзувчилар уюшмасида бундай ғояларни ҳукумат даражасида илгари сурадиган, бу дастур ва фестивалларни ташкил этишга тайёр бўлган гуруҳ тузиш биринчи галдаги вазифа бўлмаса, юртимизда халқаро тадбир ё лойиҳалар қилиш осонмас.
Юртимизда адабий таржима билан шуғулланаётган ёшлар кўпаймоқда. Юқорида кўрсатилган соҳаларда таълим олган, адабиётни жону дилидан севган, тилни пухта билган ёшлар етук таржимон бўлиб етишади. Камина кўпроқ ўзбек адабиётини хорижий тилларга таржима қилишга каттароқ куч сарфлашни маслаҳат беради. Чет тилларини бинойидай ўзлаштирган ёзувчи ва шоирлар ўша тилларда тўғридан-тўғри асарлар ёзишга ўтишсин. Буни ихчам антологиялар тузишдан бошлаш керак: ўзбек шеърияти антологияси, ўзбек ҳикоячилиги антологияси каби. Чет тилларига таржима қилганда, албатта МУҲАРРИР кўмагидан фойдаланинг, у билан биргаликда ишланг. Камина Эркин Аъзамнинг битта роман, битта қисса ва иккита ҳикояси устида лондонлик муҳаррир Кэрол билан Интернет (“Скайп”) орқали камида 2 ой ишлади. Бундай муҳаррирларни махсус адабий дастур доирасида Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда чет элдан чақиртириш имкони ҳам мавжуд.
Ижтимоий тармоқларда ёш ўзбек шоири ё ёзувчисининг асари фалон тилда, фалон жойда китоб бўлиб чиқди, деган хабарларга кўзимиз тушяпти. Чет элдаги газета, журналларда ўзбек шоири ё ёзувчисининг асари босилиши жуда яхши, жуда қувонарли гап. Фақат ёш қаламкашлар бундай ишларни устозларнинг асарларини таржима қилиш ва босишга кўмаклашиш билан биргаликда олиб боришса, инсоф ва адолатдан бўлади. Албатта, чет элнинг ўз ўлчамлари бор, бироқ тилни билмайдиган ё асари таржима қилинмаган катта ўзбек ёзувчиси турганда, ҳали талаба бўлмиш шоир укамиз ё синглимизнинг асарлари китоб ҳолида қайсидир чет мамлакатда босилса, ноқулай ҳолат юзага келиши табиий. Аслида, каминанинг ўз кучи ва салоҳияти ортидан чет элда ўқиётган, чет тилида асарлар ёзаётган, нашр эттираётган ёшларимизга “баракалла” дегиси келади, чунки ҳар кимнинг ўз тақдири, пешонасига битилган ҳаёт йўли бор. Гоҳида юртимиздаги унчалик эркин бўлмаган адабий муҳит, тегишли ташкилотларнинг ташаббускор ёш ижодкорларнинг жиддий таклифларига назар-писанд қилмаслик ҳолатлари айрим ёшлар ё гуруҳларнинг алоҳида ва ўз билгича ҳаракат қилаётганига сабаб бўлиб қолаётан бўлса бордир.
Хуллас, азиз ёзувчим ва шоирим, юқоридаги фикрларимни малол олманг, тегишли хулоса чиқаринг, ёрдамим керак бўлса, тортинмай мурожаат қилинг. Мабодо амалий ишга ўтайлик, дегувчилар бўлса, сўзимни айтиб қўяй: агар “Жаҳон адабиёти” журнали ё Ёзувчилар уюшмаси қошида фақат ёзувчи ва шоирлар учун, чет элга чиқаман, халқаро адабий лойиҳалар тузаман каби яхши ниятлар қиладиган ижодкорлар учун курслар очишса, инглиз тилидан, инглизчага таржима қилишдан билганимча сабоқ ўтишга тайёрман. Сиз-чи, сиз тайёрмисиз?