Анор кеннойи
“Ойи, Люся хола тирикми? Менга писта чақиб берарди-я кичкиналигимда”, — ўғилчам ухлашга ётаркан негадир шу кунларда маҳаллада кўринмаётган, ё бировга йўлиқиши ҳамоно юзини узун қўллари билан тўсиб, ўзини ўқдай подъездга урадиган бўлиб қолган, саксонни қоралаганига қарамай, тетиккина, озғин ва новча қўшни аёлни эслади. Сиз эса фақат кўчагамас, ҳовлигаям, меҳмонлар ҳузуригаям юзингизга парда тортиб чиқардингиз, келинойижон. Бугун “Юраги хуруж қилиб, касалхонада вафот этибди”, деб хабар қилишгач, бу дунёда борлигингизни эслатдингиз! Қариндош хотин-халаж кўпам сизни яқиндан танимас, ҳамшира синглим неча йиллар бурун касалхонада юзингизни дўхтирга кўрсатиш учун очганингизни кўрган, “бирам кўҳликкина келинчак экан-ку” дегани қулоққа чалинган холос эди. Калима қайтараркан, бир этак фарзандингиз мўлтираб қолишини ўйлаб эзилгандирсиз, аммо Русияга ризқ излаб кетганча, йилда атиги бир ҳафта-ўн кунга келиб-кетувчи хожангизнинг бегона юртда оила қургани сизни чандон эзиб қўйган чамаси, валлоҳу аълам. “Иккинчи”га айланганингиз алами сизни ягона Зот ҳузурига олиб кетмадими, эндигина ўттизни ҳатлаган келинойи? Юрагингизда оққан ҳаё хаёлингиздаги рашк-у телба қизғонишдан устун келганда-ку қани! Куйиб эмас, куйдириб-куйдириб кетмайсизми-я олами асрорни? Бу шифокор дегани нўноқлиги важидан ўтган қиш тоғамниям ўлдириб қўювди, яна шуларгами ишондингиз юрагингизни? Бояги ҳамшира синглим айтди: юзингиздаги оловранг парда палатада қолиб кетган экан, қариндошингизники, деб унга берворишибди. Воҳ, ўша ёпинчиғингизни узоқ шаҳардан йўловчи таксида жўнатворишса-ю, уни юз-кўзини қўллари билан яшириб юрган қўшни холага тортиқ этсам, рози бўлармисиз, кеннойи? Мабодо, эски-туски латтангни бошимгами ураман, деб қўлимга урса, унда шунча йилдан бери четдан гул эмас, зўрға ишлаб топгани майда пул жўнатиб турган миллионлаб эркак, хотин-қизларимизни ўз оиласига қайтариш учун чора топишни ўйламаётган серваъда-ю серзарда корчалонлар ва юртда қолганлар устига байроқ қилиб кўтарсам, сўнг дарҳол бир анжуман чақирсам: “Ҳой, нима қиляпмиз, кетмайлик! Кетмайлик!” деган. Рози кетармисиз, Анор кеннойи?!
(Кичик ҳикоялар туркумидан – 2019)